Эзгулик, ибрат маскани
Театр - эзгулик, одамийлик, ибрат маскани. Бу табаррук санъат даргоҳида ўз касбига садоқатлилар ижод қилади.
Кимдир театрга шунчаки маданий дам олгани, биров яхши саҳна асаридан баҳраманд бўлгани, яна кимдир бўш вақтини мароқли ўтказгани келади. Нима бўлганида ҳам, кейинги йилларда буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганларидек, театрнинг том маънодаги ибратхона сифатида фаолият кўрсатиши учун мамлакатимизда зарур барча имконият ва шароитлар тобора кўпроқ яратилмоқда.
Ҳар йили мамлакатимизда 27 март - Халқаро театр куни ўзига хос ижодий сана сифатида кенг нишонланади. Гарчи қадимдан юртимизда томоша санъати ривожланган бўлса-да, ростмана театр жадид боболаримиз жонбозлиги, ростмана қаҳрамонлиги, заҳматлари билан диёримизда шаклланган. Устоз Шукур Бурҳонов, Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Раҳим Пирмуҳамедов, Наби Раҳимов, Ғани Аъзамов, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Марям Ёқубова, Лутфихоним Саримсоқова, Раззоқ Ҳамроев, Сойиб Хўжаев, Фароғат Раҳматова, Тўти Юсупова каби санъат дарғалари иштирокидаги спектакллар, улар гавдалантирган қаҳрамонлар тилидан айтилган гаплар, монолог ва диалоглар, ғоят мукаммал ижро халқимиз орасида афсона бўлиб кетган. Чунки бу ижро юракларга муҳрланиб қолган.
Мустақиликка эришилган дастлабки мураккаб ва синовли, халқимиз учун ҳам, давлат ва жамият, ҳатто ижодий жамоаларнинг ўзи учун ҳам осон бўлмаган кунларда ҳам театрлар фаолиятининг самарали давом эттирилиши учун бор имкониятлар ишга солинди. Гарчи драматургияда бироз оқсашлар кўзга ташланса-да, обрўли театрларимиз ўзининг жиддий ва салмоқли, бадиий жиҳатдан пухта спектаклларини баъзан енгилроқ мавзудаги томошаларга бўшатиб берган бўлса-да, мамлакатда бирорта давлат тасарруфидаги театрнинг ёпилиб кетишига йўл қўйилмади.

Кейинги йилларда миллий театрларимиз учун янги тараққиёт босқичи бошланди, десак муболаға бўлмайди. Театр санъатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, унда меҳнат қилаётган ижодий ва техник ходимларининг моддий ва маънавий рағбатлантириш масаласи миллий маданиятимиз ривожида устувор ўрин эгаллади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил август ойидаги мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашуви натижаси ўлароқ, театрларимиз учун "Дўстлар клуби" ташкил этилди. Бу ташаббуснинг амалий натижасида театрларимизга иқтисодий салоҳияти юқори, санъат ривожи учун кўмаклашишга хайрихоҳ бўлган, оддий тилда айтганда ҳиммати баланд ташкилот ва идоралар, молиявий тузилмалар бириктириб қўйилди. Эндиликда театр ривожига давлат билан бирга имкон қадар уларнинг ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани ижодий жамоалар фаолиятида беиз кетмаяпти. Театр соҳасидаги барча ибратли саъй-ҳаракатлар хорижлик мутахассис ва экспертлар томонидан ҳам намуна сифатида юксак эътироф этилмоқда.
Ижодий жамоаларининг мамлакатимизнинг турли ҳудудларида гастроль сафарларда бўлиши учун зарур шароитлар яратилди. Бу эса юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли барча театр жамоаларининг репертуаридаги энг сара спектакллардан баҳраманд бўлиш имконини яратди. Айни пайтда театрларимизнинг хорижий давлатларда бўлиши, турли фестиваллар, ижодий танловлар, театр ижодкорларининг мулоқотларида иштирок этиши учун кенг имконият эшиклари очилди.
Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир театр жамоаси ижодий фаол изланишда. Хусусан, халқаро миқёсда таниқли бўлган опера юлдузи Рамиз Усмонов раҳбарлик қилаётган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри истеъдодли ёшлар сафини кенгайтиришга, уларнинг салоҳиятини намоён этишга жиддий эътибор қаратмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мазкур жамоанинг опера хонандалари Европа давлатлари, Россия ва бошқа кўплаб хорижий юртларда юксак эътироф этилмоқда.
Ўзбек Миллий академик драма театри, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва бошқа жамоалар халқимиз орзу-интилишларига ҳамоҳанг асарларни мухлисларга тақдим этишга астойдил киришган.
Ўзбекистон давлат драма театри жонкуяр устоз режиссёр Олимжон Салимовнинг саъй-ҳаракатлари билан жаҳон драматургиясининг энг сара асарларини саҳнага олиб чиқмоқда.
Устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев асос солган "Дийдор" театр-студиясининг Бобур Йўлдошев раҳбарлигидаги жамоаси фаолиятида чинакам фидойилик ва театрга бўлган меҳр ва садоқатни, заҳматкашликни кўриш мумкин. Бугун "Дийдор"чилар тақдим этаётган саҳна асарлари томошабинни йиғлашга, изтиробга солишга, ўз-ўзи билан жавобсиз саволлар гирдобида қолишга ундайдиган спектаклларни саҳналаштириш маблағга, серҳашам бинога, ортиқча безаклару, техника ва декорацияларга муҳтож эмаслигини амалда исботлаб турибди.
Замонавий технологиялар шиддат билан ривожланаётган, одамлар сўнгги русумдаги телефонларга тобора кўпроқ боғланиб қолаётган бугунги Интернет даврида томошабинларнинг театрга муносабатини ҳам, бу табаррук даргоҳга давоматини ҳам қайсидир маънода тушуниш мумкин. Бироқ нима бўлганида ҳам, технологиялар қанчалик ривожланганида ҳам, томошабинни ўйлашга, фикр юритишга, саҳнада ўзини кўришга ундайдиган, том маънодаги баланд асарлар барибир яхши эканини замоннинг ўзи уқтирмоқда.
Дарҳақиқат, бугун театрларимиз томошабин олдидаги ўз бурчи ва масъулиятини теран англаган ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Беҳбудий бобомизнинг "Театр - ибратхона" деган сўзлари бугун ҳам ўз давридагидек ҳамон оҳорини йўқотмаган!
27 март - Халқаро театрлар куни муносабати билан юртимиздаги барча театрларда "Очиқ эшиклар куни", турли маърифий тадбирлар, ижодий мулоқотлар, учрашувлар, театрлаштирилган мусиқий дастурлар бўлиб ўтмоқда. Юртимиз театр жамоалари ижодий изланишлардан, машаққатли меҳнатдан чарчамаслигини астойдил тилаб қоламиз! Негаки, биз барибир театрни яхши кўрамиз!
Назокат Усмонова, ЎзА