“Чўғ устида рақс”
Одам боласининг ўсиб, улғайишигача бўлган давр – ҳаёт сўқмоқлари турлича кечади. Кимдир текис ва равон йўлдан, кимдир ўнқир-чўнқирлардан ўтиб, ўзлигини топади, улғаяди. Адабиёт осмонида Йўлчи юлдузга айланган кўплаб ижодкорларнинг умр йўли ана шундай ҳаёт фалсафасига кўра даврларга бўлинган. Аммо оддий кўз билан буни англаб бўлмайди. Уларнинг асарларини мутолаа қилган киши ижодкорнинг ёшлик ёки камолот даврида битилган ижод маҳсули эканлигини бирда англаб етади.
Таниқли шоира, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, “Шуҳрат” медали соҳибаси Гулжамол Асқарованинг “Чўғ устида рақс” китоби ҳам ҳаёт синовларида тобланган ижодкорнинг камолотга етган даврининг илк хулосаларидан бири дейиш мумкин. Китоб айнан шундай номланишининг бошқа сабаблари ҳам борми, деган саволга Самарқандда шоира билан ўтказилган учрашувларда батафсил жавоб берилди.
Самарқанд давлат педагогика институтида “Ёшлар билан учрашув” лойиҳаси доирасида Гулжамол Асқарованинг “Чўғ устида рақс” китоби тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон халқ шоираси Хосият Бобомуродова ҳамда самарқандлик ижодкорлар, институт талабалари иштирок этди.
Институт ректори Гулзода Негматова “Ёшлар билан учрашув” лойиҳаси талабаларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш, истеъдодларни кашф этишда алоҳида аҳамият касб этаётганлигини таъкидлаб, ижодкорлар билан ўтказилаётган мулоқотлар адабиётга ихлосманд ёшлар камолотида муҳим ўрин тутишини қайд этди.
[gallery-29114]
Ижодкорлар бундай адабий кечалар китобхон ва ижод аҳли учун ҳам бирдек манфаатли эканлигини таъкидлаб, айни жараёнлар орқали халқнинг дарди, ўй-фикрлари, орзу истаклари, бугунги кунидан шукронаси бадиий асарларга кўчишини баён этди.
– Шеърларимда ҳам қайта-қайта такрорлаганимдек, Самарқанд ягона ва доимо унга талпиниб яшаймиз, – дейди шоира Гулжамол Асқарова. – Бугунги мулоқотимиз ҳам самимий, Самарқандга хос бадиий савияда ўтди. Аслида адабиёт ҳаёт мезони. Ҳеч бир соҳа адабиётдан айро бўлмаслиги керак. Инсон адабиёт орқали ички кечинмаларини теран ҳис этади, руҳий ҳолатини мўътадиллаштиради. Шунинг учун ҳам адабиёт инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бугун ҳам берилган саволлар, ёшларнинг муносабати орқали бунга яна бир амин бўлдик. Учрашувга йиғилганлар дийдорга, суҳбатга тўймадик. Бу ижодкорлар ҳам, адабиёт ихлосмандлари ҳам мана шундай адабий кечаларни соғиниб қолганлигидан далолат. Тақдим этган янги китобимизда жамланган ижод маҳсулларимиз ушбу кемтикларни тўлдиради, деб ўйлайман.
Учрашув самимий мулоқот тарзида ўтказилиб, мушоиралардан ташқари адабиёт, шеърият ҳақидаги қизғин савол-жавобларга бой бўлди.
– Адабиётга бўлган қизиқиш мени ушбу олий таълим масканига етаклади, – дейди Самарқанд давлат педагогика институти талабаси Рушана Олимова. – Гулжамол Асқарованинг ижодини кузатиб бораман. Шоиранинг шеърларини ўз кечинмаларим баён қилингандек ҳис этиб ўқийман. Бугун у киши билан кўришиш баробарида Гулжамол опанинг энг гўзал шеърларидан бирини ўқидим. Шоиранинг адабиёт, бадиий ижод ҳақидаги фикрлари барчамизга ижодий куч, мадад берди десам янглишмайман.
Тадбир доирасида ижодкорлар институтда ташкил қилинган “Маънавий баркамоллик маркази” очилишида қатнашди. Ушбу марказ талаба қизлар ўртасида маънавий муҳитни яхшилаш, уларнинг ижодий интилишларини рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.
Шоира иштирокидаги “Чўғ устида рақс” китоби тақдимотлари Каттақўрғон шаҳрида ҳамда Каттақўрғон давлат педагогика институтида ҳам ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари