Европа рақамли евро синовини бошламоқчи
Европа Марказий банки рақамли евро лойиҳасининг синов босқичида иштирок этиш учун еврозонадаги 36 та тўлов хизмати провайдерини танлаб олди. Бу ҳақда “Italpress” хабар берди.
Маълум қилинишича, 2027 йилнинг иккинчи ярмида бошланадиган ва 12 ой давом этадиган пилот лойиҳа рақамли еврога оид техник ечим, операция жараёни ҳамда фойдаланувчи тажрибасини синовдан ўтказишга хизмат қилади.
Лойиҳада банк ва нодавлат молиявий ташкилотлари иштирок этади. Синов давомида Европа Марказий банки ва 19 та миллий марказий банк ходимлари рақамли евронинг бета – версияси орқали шахс ва корхоналар ўртасида онлайн ҳамда офлайн тўловларни амалга оширади.
Европа Марказий банки Ижроия қўмитаси аъзоси Пьеро Чиполлоне хусусий секторнинг юқори қизиқиши рақамли евро лойиҳасини жадал ривожлантиришга туртки берганини таъкидлаган.
Д.Ҳакимов, ЎзА