Европа бозори муҳим экспорт йўналишига айланмоқда (+видео)
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Европа бозорига 7 млн АҚШ доллари қийматидаги 3 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот экспорт қилинди. Албатта, ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳам бор. Шу мақсадда бугун Европада миллий брендларимизни танитиш мақсадида кўплаб озиқ-овқат саноати ярмаркалари ташкил этилмоқда.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Германия ва Францияга Ўзбекистондан 3 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Албатта, экспорт бозори қанчалик кенгайса, фермер ва ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти учун харидлар географияси кенгайиб, уларнинг даромадлари ҳам шунга яраша ошади. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлиги, сифатни яхшилаш ва бозор талабига мос маҳсулот етиштирилишига туртки бўлади. Ўзбекистон маҳсулотларини хорижий бозорларда танитиш мақсадида ташкил этилган кўргазмалар ҳам шундай имконият бўлиб, Европа бозорларида миллий брендни таништиришга хизмат қилмоқда.
- 2026 йил биринчи ярим йилликда Ўзбекистон Европа бозорига 7 млн АҚШ доллари қийматидаги мева-сабзавот экспорт қилинди, - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Арофат Ҳусанова. – Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар ошди. Ушбу даврда 32 та экспортчи корхона томонидан 19 турдаги маҳсулот экспорт қилинган. Шунингдек, Озиқ-овқат маҳсулотларига кўмаклашиш бўлими томонидан экспортчи корхона раҳбарларидан келаётган мурожаатлар ўрганилиб, уларга амалий кўмак бериб борилади ҳамда логистика компаниялари тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда уларга тақдим этилади.
Германиялик истеъмолчилар юртимизнинг қуритилган кўкатлари ҳамда қовун ва бодом таъмини хуш кўришса, франциялик харидорлар майиз ва қуритилган ўрикни севиб истеъмол қилишади. Шу билан бирга Европа бозорида озиқ-овқат хавфсизлиги талаблари қатъий. Мева-сабзавотларнинг сифати, келиб чиқишини кузатиш имконияти, қадоқланиши ва стандартларга мувофиқлиги муҳим. Халқаро бозор тенденцияларини таҳлил қилиш ва маҳаллий тадбиркорларга етказиш мақсадида электрон платформа ҳам шакллантирилган.
- Бу платформада ҳамма йўналишлар бор, - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Азамат Элбоев. – “Ўзмаркет” платформаси ҳозирда Бутунжаҳон Савдо ташкилотига тегишли бўлган халқаро савдо маркази маълумотларига интеграция қилинган ва бу маълумотлар жуда ишончли.
Рақамлардан маълумки, бугун Германия ва Франция бозорларида ўзбек майизи, қуритилган ўриги, сархил мева-сабзавотларга талаб яхши шаклланган. Галдаги асосий мақсад — мавжуд бозорларда миллий бренд мавқеини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги талабларини жорий этиш орқали маҳсулотлар турини кўпайтириш ва экспорт географиясини кенгайтиришдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-J3pqDtq12A" title="Yevropa bozori muhim eksport yo‘nalishiga aylanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА