Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистонда ваколатхона очди
Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини расман очди. Банкнинг Ўзбекистондаги фаолияти кенгайиши доирасида 2031 йилга қадар мамлакат иқтисодиётига 1,5 миллиард долларгача инвестиция киритиш режалаштирилган.
Тадбирда таъкидланишича, ваколатхона очилиши Ўзбекистоннинг 2025 йилда Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлганидан кейинги муҳим босқич ҳисобланади. Банк вакилларига кўра, мазкур қадам мамлакатда тўлақонли инвестициявий фаолиятни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ЕТБнинг инфратузилма, экспортни қўллаб-қувватлаш, молия бозорини ривожлантириш ҳамда рақамли трансформация соҳаларидаги тажрибаси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
ЕТБ Бошқаруви раиси Николай Подгузовнинг маълум қилишича, банк 2031 йилгача Ўзбекистонга 1,5 миллиард долларгача инвестиция йўналтиришни режалаштирмоқда. Ушбу маблағларнинг катта қисми юқори интеграция салоҳиятига эга лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади.
Банк стратегияси доирасида тоғ-кон саноати, транспорт инфратузилмаси, рақамли технологиялар, сув хўжалиги ва энергетика йўналишлари устувор этиб белгиланган.
Шунингдек, банк томонидан техник кўмаклашиш жамғармаси ва рақамли ташаббуслар жамғармаси орқали лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш имконияти мавжуд экани қайд этилди.
Евроосиё тараққиёт банки 2006 йилда Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган халқаро молиявий институт ҳисобланади. Ҳозирда Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам банкнинг аъзолари қаторига киради. Банкнинг бош қароргоҳи Олмаота шаҳрида жойлашган.
Евроосиё тараққиёт банки ваколатхонасининг Тошкентда очилиши Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада жозибадор қилиш, йирик инфратузилма ва технологик лойиҳаларни молиялаштиришга халқаро капитални жалб этишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА