АОКАда Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Моҳира Жуманова иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда “Science and innovation” компанияси билан ҳамкорликда ҳар йили 5 та йўналишда “Эврика” кўрик-танлови ташкил этилади.
“Эврика” кўрик-танлови 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган ёш олимлар ва мутахассисларнинг давлат ва жамият олдида, фан ва инновация соҳасидаги юқори натижаларини муносиб рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.
“Эврика”нинг 2025 йилги танлови учун умумий мукофот жамғармаси 165 000 0000 (бир юз олтмиш беш миллион) сўмни ташкил қилади.
Мукофот бир ва бир неча (яъни 3 кишидан ортиқ бўлмаган) ёш олимлардан ташкил топган гуруҳларга ҳам берилади. Мукофот гуруҳ томонидан қўлга киритилган тақдирда мукофот пули тенг миқдорда гуруҳ иштирокчилари орасида бўлинади, диплом, статуэтка ҳамда гувоҳнома ҳар бир иштирокчи учун алоҳида берилади.
2025 йил 1 майдан 2025 йил 15 июлга қадар ҳудудлардаги барча олий таълим муассасалари, Фанлар академияси илмий ташкилотларида танловнинг биринчи босқичи ташкил этилади. Ташкилот кенгашлари томонидан ҳар бир номинация бўйича 1 нафардан ғолиб аниқланади ва ғолиб бўлган номзодларнинг керакли ҳужжатлари www.evrika-academy.uz сайтига жойлаштирилади.
2-босқичда, яъни 2025 йил 15 июлдан 2025 йил 1 сентябрга қадар танлов ташкилий қўмитаси томонидан юртимиз олий таълим муассасалари ва Фанлар академияси илмий ташкилотлари томонидан тавсия этилган барча номзодларнинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилади ва ҳар битта номинация бўйича энг юқори балл тўплаган 10 нафар номзод кейинги босқичга тавсия этилади. 2025 йил 1 сентябрь санасига қадар барча номинациялар бўйича 10 нафар номзодлар www.evrika-academy.uz сайти орқали эълон қилинади.
2025 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 октябрга қадар танловнинг финал босқичи ташкил этилади. Финал босқичида 2-босқичдан ўтган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси биносида ўз лойиҳалари доирасида тақдимот қилади. Тақдимотлар ҳакамлар ҳайъати томонидан 100 баллик тизимда баҳоланади.
Ғолиблар 2025 йил 10 ноябрь куни тақдирланади. Ғолибларга махсус статуэтка, диплом, гувоҳнома ва пул мукофоти топширилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА