Етук ҳуқуқшуносларни тайёрлашда янги амалиётлар жорий этилади
Ҳуқуқшунос бу ҳуқуқ тизими, қонунчилик, давлат ва жамиятдаги ҳуқуқий муносабатларни тадқиқ қилувчи, шу соҳада таҳлил олиб борувчи мутахассисдир. У ҳуқуқнинг назарий масалаларини ўрганади, қонунларни шарҳлайди ва амалий фаолият билан шуғулланиши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши юртимизда юридик таълим ва илм-фанни янада ривожлантириш ҳамда замонавий халқаро стандартларга мос юридик кадрлар тайёрлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фармонга кўра амалга оширилаётган ишлар хусусида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Умида Бекмирзаева қуйидагиларни маълум қилди.
– Фармон “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, деган устувор ғоя асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда таълим жараёни, илмий тадқиқотлар ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланган.
Шунга кўра, Президентимиз фармони қуйидаги мақсадларга эришишни кўзда тутади. Жумладан, юридик таълимнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, клиник ва дуал таълим тамойилларини жорий этиш. Таълим тадқиқот — амалиёт интеграциясини йўлга қўйиш, академик-коллегиал ёндашувни кенгайтириш ҳамда юридик таълим самарадорлиги ва сифатини назорат қилишни кучайтириш йўлга қўйилади.
Шунингдек, фармон билан Тошкент давлат юридик университетининг 2030 йилгача Quacquarelli Symonds рейтингида юқори 1 000 талик университетлар рўйхатига кириши таъминланади.
Шу билан бирга, Президентимиз фармонидаги асосий урғу ва бу 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун назарий билимлар 50 фоиз, амалиёт 50 фоиз суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотларда ўтказилади. Талабаларда муаммоли вазиятни таҳлил қилиш малакаси (софт скиллс )шакллантирилади.
Шу билан биргаликдаги мамлакатимизда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялардан самарали фойдаланиш ва жорий қилишга оид чора-тадбирларнинг мантиқий давоми ва амалий ифодаси сифатида 2026/2027 ўқув йилидан сунъий интеллект технологиялари таълим жараёнида жорий этилади, дарс ва назорат ишларида АИ ёрдамида баҳолаш йўлга қўйилади. “Рақамли ҳуқуқ” таълим йўналиши жорий этилади, ўқиш инглиз ва бошқа хорижий тилларда олиб борилиши белгиланган.
Ундан ташқари Университетда соҳавий факультетлар, академик департамент, тадқиқот маркази ҳамда амалиёт ва карьера марказлари ташкил этилади. Бу тизим таълим, илм-фан ва амалиётни узвий интеграция қилади, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг амалиёт билан боғлиқлигини оширади.
Яна бир муҳим янгилик профессор-ўқитувчилар ва докторантлар ҳафтасига камида бир марта суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат идораларида амалий стажировка ўташини жорий қилинишидир. Университет Тадқиқот марказлари ҳуқуқий ва амалий масалаларни ўрганиб, таклиф ва илмий-услубий қўлланмаларни ишлаб чиқади. Амалда мавжуд Юридик клиникалар орқали талабаларнинг жисмоний ва юридик шахсларга малакали маслаҳат беришини янада тизимлаштириш ва такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Фармон Ўзбекистонда юридик таълимни замонавийлаштириш, халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш ва илм-фан билан амалиётни уйғунлаштиришда муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Амалиёт, инновацион методлар, сунъий интеллект технологиялари ва халқаро ҳамкорлик орқали юридик кадрларнинг малакаси оширилади, таълимнинг сифати ва самарадорлиги янада кучайтирилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА