Мамлакатимизда энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлашда халқаро ҳамкорлик муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.
Куни кеча томонлар ўртасида ана шундай ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди.
Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.
Томонлар соҳа бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида сўз юритди.
Тадбирда қайд этилганидек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан соҳани рақамлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлашга асосий эътибор қаратяпти. Бу эса мамлакатимизда ушбу соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашув чоғида меҳмон томон ҳам юртимизда энергетика соҳаси бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, электр энергияси таъминотини янада яхшилашга оид лойиҳаларда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА