Эътибор ва эътироф янги ғалабаларни таъминлайди
Мустақиллик байрами арафасида спорт таълими соҳаси ривожи йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган мураббийларга, профессор-ўқитувчилар, мутахассисларга, шунингдек, матонат ва ирода соҳибларини бир мақсад йўлида жипслаштирган паралимпия ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакилларига юксак эътибор ва эътироф кўрсатилди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Спорт академияси, Миллий паралимпия қўмитаси каби қатор спорт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ёшларни спортга жалб қилиш, шунингдек, Ватанимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилиш йўлида самарали фаолият олиб бораётган спорт соҳаси вакиллари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросимларида иштирок этган мутасаддилар ушбу юксак эътироф мамлакатимизда спорт ва таълим соҳасини ривожлантириш, ёш авлодни жисмонан баркамол ва ватанпарвар этиб тарбиялаш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келаётган мутахассислар, кўпга ибрат намунасини намоён этаётганларнинг меҳнатига берилган юксак баҳонинг ифодаси бўлганини таъкидлади.

Байрам тадбирларида сўз олганлар қисқа фурсатда Ўзбекистон спорт инфратузилмаси давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси ва йўл-йўриқлари асосида дунёнинг энг ривожланган давлатлари даражасига чиққанини эътироф этди.

Давлатимиз томонидан спорт соҳаси ривожига ўз меҳнати, ташаббуслари ва фидойилиги билан кўп йиллар давомида ҳисса қўшиб келаётган мутахассислар, мураббийлар ҳамда соҳа вакилларига кўрсатилган бу эътибор янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев, ЎзА