Эски устунлар алмашади, трансформаторлар янгиланади
Сирдарё вилоятининг қатор ҳудудларида электр таъминотини яхшилаш мақсадида эски ёғоч электр устунларини замонавий темир-бетон устунларга алмаштириш ҳамда 13 та трансформатор пунктини тўлиқ янгилаш ишлари бошланади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган танқидий-таҳлилий йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, айрим масъул ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳисоботларда қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилаётгани қайд этилган. Бироқ вилоят ҳокимининг топшириғи билан тузилган ишчи гуруҳнинг жойларда ўтказган ўрганишлари ҳисоботлардаги маълумотлар билан ҳақиқий ҳолат ўртасида жиддий тафовут мавжудлигини кўрсатган.
Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда хизмат муддатини ўтаб бўлган ёғоч электр устунлари ҳанузгача фойдаланилаётгани, қуввати етарли бўлмаган трансформаторлар эса электр энергиясида узилишлар ва кучланиш пасайишига сабаб бўлаётгани аниқланган.
Шундан келиб чиқиб, Мирзаобод туманининг «Оқолтин», Сардоба туманининг «Халқобод» маҳалласидаги намунали уйлар ҳудуди, Сайхунобод туманининг «Пахтаобод» маҳалласи ҳамда Сирдарё туманининг айрим ҳудудларида эски ёғоч устунларни темир-бетон устунларга алмаштириш ишларини бошлаш топширилди.

Шунингдек, ҳудудлардаги 13 та трансформатор пунктини тўлиқ янгилаш, электр тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш ва аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилишда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё вилояти филиалига мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун бир ой муддат берилди. Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши қатъий назоратга олиниши таъкидланди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, режалаштирилган ишлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилса, мазкур маҳаллаларда электр таъминоти барқарорлиги таъминланади. Натижада аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган чироқ ўчишлари ва кучланишнинг пасайиши билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиб, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси янада такомиллашади, коммунал хизматлар сифати эса сезиларли даражада яхшиланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири