Эски эпоханинг классик муаммоси: суд мустақиллиги ва шаффофлиги
Бугунги кун суд амалиётида судларнинг мустақиллиги, холислиги ва шаффофлиги масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги фақат судянинг ташқи таъсирлардан холи бўлиши билангина эмас, балки суд муҳокамасининг барча босқичларида процессуал кафолатларнинг амалда таъминланиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Яъни, судя қарор қабул қилишда фақат қонун ва иш ҳолатларига таяниши, суд жараёни эса тарафларда унинг натижаси процессуал қоидаларга мувофиқ шаклланганига ишонч уйғотиши лозим.
Шу сабабли судга ноқонуний аралашувнинг олдини олиш билан бир қаторда, бундай аралашув юз берган тақдирда уни аниқлаш, қайд этиш ва тегишли тартибда баҳолаш имкониятлари ҳам мавжуд бўлиши керак. Амалиётда эса судга аралашиш ёки судяга босим ўтказиш ҳолатлари ҳақида гап кетганда, масаланинг энг мураккаб жиҳатларидан бири бундай таъсирни аниқлаш ва исботлаш механизмларининг самарадорлиги билан боғлиқ.
Суд мустақиллиги тўғрисидаги принципнинг мавжудлиги ўз-ўзидан етарли эмас. Ушбу принцип реал процессуал кафолатлар, суд фаолиятининг очиқлиги ва суд қарорларининг асослантирилганлиги билан таъминланиши зарур. Акс ҳолда, “суд мустақил” деган норматив қоида билан унинг амалий ифодаси ўртасида тафовут юзага келиши мумкин.
Суд мажлисларини аудио ва видео шаклда қайд этиш тартиби ҳақида кўп гапирилади. Ўзбекистонда ҳам суд мажлисларини техник воситалар ёрдамида қайд этиш ва суд фаолиятини рақамлаштириш бўйича тегишли механизмлар жорий этилган. Хусусан, Олий суднинг расмий маълумотларида суд мажлисларини аудио қайд этиш амалиёти мавжудлиги, шунингдек, суд мажлислари жадвали, суд қарорларини онлайн кузатиш ва суд қарорлари тўплами каби электрон хизматлар йўлга қўйилгани кўрсатилган.
Бироқ масаланинг моҳияти фақат аудио ёки видео ёзувнинг мавжудлигида эмас. Муҳими, ушбу техник воситалар суд муҳокамасининг ҳаққонийлигини таъминлашга хизмат қилиши ва процесс иштирокчилари учун реал ҳуқуқий кафолатга айланишидир.
Халқаро амалиётда суд мажлиси баённомасининг мазмуни, унда акс эттирилган процессуал ҳаракатлар ва тарафларнинг баёнотлари суд жараёнининг кейинги босқичларида муҳим далилий ва процессуал аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Шу сабабли суд мажлисида нима содир бўлганлиги билан кейинчалик тузилган баённома ўртасида тафовут юзага келишининг олдини олиш муҳимдир.
Албатта, суд мажлиси котибининг ёзувлари ёки электрон баённоманинг реал вақт режимида тарафлар учун тўлиқ очиқ бўлиши масаласи алоҳида ҳуқуқий ва техник тартибга солишни талаб қилади. Бироқ принципиал жиҳатдан суд мажлисининг аудио-видео қайди, баённомаси ва суд ҳужжати ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд бўлиши керак.
Агар суд мажлисида айтилган фикрлар, берилган саволлар, келтирилган эътирозлар ёки билдирилган илтимосномалар баённомада тўлиқ ва холис акс эттирилмаса, кейинчалик тарафларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти қийинлашиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, аудио-видео қайд суд мажлиси баённомасининг техник асоси сифатида эмас, балки суд процессининг шаффофлиги ва текширилувчанлигини таъминловчи муҳим восита сифатида қаралиши лозим.
Суд муҳокамасининг очиқлиги ҳам айнан шу масала билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамасининг очиқлигини ва судлар фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳақида”ги қарорида суд муҳокамасининг очиқлиги жамиятнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ва суд фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш воситаларидан бири сифатида қайд этилган.
Шу сабабли очиқликни фақат суд залига кириш имконияти билан чеклаб қўйиш тўғри эмас. Замонавий суд тизимида очиқлик суд мажлисининг қачон ва қаерда ўтказилаётгани, ишнинг процессуал ҳолати, суд ҳужжатлари ва қонун доирасида тақдим этилиши мумкин бўлган бошқа ахборотларнинг фуқаролар учун қулай ва ўз вақтида мавжуд бўлишини ҳам назарда тутиши керак.
Бугунги кунда Олий суднинг расмий платформасида суд мажлислари жадвали, онлайн суд қарорлари, иш ҳолатини кузатиш, қарорлар тўплами ва бошқа электрон хизматлар мавжудлиги айнан шу йўналишдаги рақамлаштириш жараёнининг ривожланаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, суд қарорларини очиқ платформаларга жойлаштириш масаласида ягона ва барқарор амалиётнинг мавжудлиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки суд ҳужжатларининг ўз вақтида эълон қилиниши нафақат ахборот олиш имкониятини, балки суд амалиётининг изчиллиги ва ҳуқуқий аниқликни ҳам таъминлашга хизмат қилади.
Бир ҳудуддаги суд ҳужжатлари мунтазам ва тизимли равишда эълон қилиниб, бошқа ҳудудда бундай амалиётнинг суст бўлиши фуқаролар, адвокатлар, тадқиқотчилар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг суд амалиётидан фойдаланиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис суд ҳужжатларини эълон қилишда ягона техник ва ташкилий стандартларнинг амал қилиши муҳим. Бундан ташқари, суд процессининг ўз вақтида бошланиши ҳам судлов самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларидан биридир.
Суд мажлиси белгиланган вақтда бошланмаслиги, тарафлар ва уларнинг вакилларининг узоқ вақт кутиши, бир иш кунида бир неча ишнинг кетма-кет кечикиши фуқароларнинг вақтига, адвокатларнинг иш фаолиятига ва суд тизимининг умумий самарадорлигига таъсир кўрсатади. Айниқса, бир суд мажлисини кутиш учун бир неча соат сарфланиб, якунда ишнинг бошқа кунга қолдирилиши тарафларда судга нисбатан норозилик ва ишончсизликни кучайтириши мумкин. Бу ерда масала фақат “суд мажлиси кечикди” деган оддий ташкилий муаммо эмас.
Суд вақтининг нотўғри режалаштирилиши бир ишнинг чўзилишига, бошқа ишларнинг ҳам навбат билан кечикишига ва натижада судянинг, суд ходимларининг, адвокатларнинг ҳамда тарафларнинг вақт ресурслари самарасиз сарфланишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун суд мажлисларини режалаштиришда ишнинг мураккаблиги, иштирокчилар сони, процессуал ҳаракатлар ҳажми ва тахминий давомийлик каби омилларни ҳисобга олиш зарур.
Суд тизимининг рақамлаштирилиши айнан шу муаммоларнинг айримларини камайтириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Суд мажлислари жадвалининг электрон шаклда эълон қилиниши, иш ҳолатини онлайн кузатиш, видеоконференцалоқа ва электрон суд хизматларининг ривожланиши фуқароларнинг суд билан алоқасини енгиллаштириши мумкин. Олий суднинг расмий маълумотларига кўра, суд тизимида электрон хизматлар, онлайн суд қарорлари, суд мажлислари жадвали ва иш ҳолатини кузатиш имкониятлари мавжуд. Бироқ рақамлаштиришнинг ўзи муаммони тўлиқ ҳал қилмайди.
Энг муҳими, электрон тизимларда жойлаштирилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги, аниқлиги, ўз вақтида янгиланиши ва барча судларда бир хил стандарт асосида юритилишидир. Акс ҳолда, қоғоз шаклидаги бюрократия ўрнини электрон шаклдаги номувофиқлик эгаллаши мумкин. Шу нуқтаи назардан, суд мустақиллиги ва шаффофлигини таъминлашни фақат судяга ташқи босим ўтказмаслик билан чеклаш етарли эмас.
Мустақил суд – бу, аввало, қарор қабул қилиш жараёни процессуал жиҳатдан текшириладиган, суд мажлиси қайд этиладиган, суд ҳужжати ўз вақтида ва асослантирилган ҳолда эълон қилинадиган, тарафлар ўз ҳуқуқларини амалга ошириш учун зарур ахборотга эга бўладиган ҳамда суд вақтининг оқилона ташкил этилиши таъминланадиган суд тизимидир.
Шундай экан, “эски эпоханинг классик муаммоси” бугунги кунда янги шаклда намоён бўлмоқда: илгари муаммо ахборотнинг ёпиқ бўлишида кўринган бўлса, бугун муаммо мавжуд ахборотнинг қанчалик тўлиқ, ўз вақтида ва ишончли тақдим этилаётганида ҳам намоён бўлиши мумкин. Суд мустақиллиги ва шаффофлиги бир-биридан ажралган тушунчалар эмас. Аксинча, шаффоф процесс судянинг мустақиллигини ҳимоя қилувчи, тарафларнинг процессуал ҳуқуқларини кафолатловчи ва суд фаолиятига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамловчи механизмлардан бири бўлиши мумкин.
Бугунги вазифа эса мавжуд рақамли ва процессуал механизмларни шунчаки жорий этиш эмас, балки уларнинг амалда ишлашини, барча судларда бир хил қўлланишини ва фуқаролар учун реал натижа беришини таъминлашдан иборат. Ана шундагина суд мажлисининг аудио-видео қайди оддий техник ёзув эмас, суд мустақиллиги ва процессуал адолатнинг амалий кафолатига; суд қарорининг электрон платформага жойлаштирилиши эса оддий ахборот алмашинуви эмас, суд фаолиятининг очиқлигини таъминловчи воситага айланади.
Ўткирбек ДАВЛEТОВ,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти