Эрон Президенти сайловида иштирок этиш учун тўрт нафар аёл ҳужжат топширган. Бу ҳақда IRNA хабар берди. Номзодлар қаторида Зуҳра Илоҳиён, Ҳожар Чинороний, Ҳамида Зарободий ва Рафот Байёт бор. Уларнинг барчаси Эрон парламенти собиқ депутатлари. 56 ёшли Илоҳиён – шифокор, ҳозир Тиббиёт фанлари академиясида ишлайди.
45 ёшли Зарободий номзодликка рўйхатдан ўтгач, ташқи сиёсатда “деэскалация”ни (зўравонликнинг олдини олиш ва мунозарали масалаларни музокара предметига айлантириш учун кескинликни пасайтириш, можаро кўлами ва интенсивлигини камайтиришга қаратилган жараёндир) қўллаб-қувватлашини билдирди. У эронликлар кун келиб, аёл президентни сайлашидан умидвор.
Чинороний ҳам 45 ёшда, аввал парламент аъзоси сифатида миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича комиссияда ишлаган. Отаси 1980-1988 йилларда кечган Эрон – Ироқ урушида қатнашган. У парламентдаги фаолияти давомида аёллар учун мажбурий ҳижоб бўйича қатъий қоидаларни илгари сурган.
Байёт 66 ёшда, мутахассислиги – социолог. 2005 ва 2009 йилларда президентликка номзод сифатида рўйхатга олинган, бироқ охир-оқибат “Конституцияни қўриқлаш кенгаши” томонидан рад қилинган. Шу кунгача Эронда аёл киши номзодлар якуний рўйхатига киритилмаган.
29 май-3 июнь кунлари бўлиб ўтган жараёнда жами 278 фуқаро президентликка номзодини кўрсатишга уриниб кўрди, бироқ улардан атиги 80 нафарининг ҳужжати қабул қилинди. Ёши, маълумоти каби қатор талабларга жавоб бера олган номзодлар орасида собиқ президент, амалдаги 3 вазир, 13 нафар собиқ вазир, 40 дан зиёд собиқ ва амалдаги парламент аъзолари бор. Даъвогарларнинг энг ёши 43 ёшда, энг кекса номзод эса 75 ёш.
Энди етти кун давомида номзодлар малакаси кўриб чиқилади, саралашдан ўтганлар номи 11 июнда эълон қилинади. Муддатидан олдин президентлик сайлови 28 июнга белгиланган.