Эронда ҳарбий хизматга жалб этиш ёши туширилди
Эрон расмийлари мамлакатда ҳарбий хизматга қабул қилиш учун энг паст ёш чегарасини 12 ёш этиб белгилади. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раиси ўринбосари Раҳим Надолий маълум қилди. Бу ҳақда "Iran International" ёзган.
Янги тартибга кўра, 12-13 ёшли ўсмирлар ихтиёрий равишда армия сафига қўшилмоқда, улар асосан разведка ишлари, патруллик хизмати, шунингдек "Басиж" халқ кўнгиллилари лашкарининг назорат-ўтказиш манзилларида навбатчилик қилиш каби вазифаларни бажаради. Шу билан бирга ҳарбий бўлинмалар учун таом тайёрлаш, ярадор аскарларга тиббий ёрдам кўрсатиш сингари ёрдамчи ишларга ҳам жалб қилиниши кўзда тутилган.
Мазкур ташаббус мактаб ўқувчиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган махсус дастур доирасида амалга оширилаётгани таъкидланмоқда. Халқаро кузатувчилар бундай амалиётни танқид қилиб, вояга етмаган болаларни ҳарбий тизимга жалб этиш Эроннинг бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва ёшларни қуролли можародан асраш бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятига зид келиши мумкинлигини қайд этмоқда.
Ф. Яхшибоева, ЎзА