Эрон Норвегия элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирди
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Норвегиянинг Теҳрондаги элчиси Пол Бьорнестадни чақиртириб, унга расмий эътироз нотасини топширди. Бу ҳақда “Anadolu” нашри хабар берган.
Эрон томони Норвегияни Халқаро электр алоқаси иттифоқида “Starlink” сунъий йўлдош тизимини рўйхатдан ўтказиш ва хабардор қилиш бўйича масъул бўла туриб, Эрон ҳудудида ушбу тармоқнинг ноқонуний фаолиятига қарши зарур чора кўрмаганликда айблади.
Муҳокама давомида элчига АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши ҳаракатда “Starlink” тизимидан фойдаланилгани ҳақидаги баёнот эслатиб ўтилди.
Теҳрон Норвегиянинг айни масалага ёндашувидан норозилигини билдириб, Ослони тузилма олдидаги мажбуриятини бажариш ва “Starlink”нинг Эрон ҳудудида рухсатсиз узатилишини тўхтатиш учун тезкор ҳамда самарали чора кўришга чақирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА