АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон ташқи сиёсати билан боғлиқ айрим масалалар бўйича кўзланган натижага эриша олмади. Шунинг учун ҳам у Теҳрон билан музокара жараёни ўз ғалабаси ёки мағлубиятини белгилайдиган омил, деб ҳисоблайди. Айни мазмундаги баёнотни Эрон парламенти комиссияси Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича аъзоси Абулфазл Зуҳрованд музокаранинг яқин орада бўлиб ўтиши кутилаётган иккинчи давраси олдидан “РИА Новости”га берган.
– Трамп нима қилса, муваффақиятсизликка учраяпти, – деди у. – Канада ва Гренландия, Украина, Хитой ва Ғазо сектори масаласида ҳеч нарсага эриша олмади.
Сиёсатчи ишонч билан таъкидлашича, Қўшма Штатлар ҳозир “жуда оғир аҳволда” ва бу ҳақда фақат Трампнинг ўзи ва унинг жамоаси билиши мумкин. Етакчи “савдо уруши”ни бошлаш билан Европа давлатлари ва Хитойнинг кескин норозилигига дуч келди. Америка валютаси ҳам, Исроил ҳам ёмон аҳволда. Демак, АҚШ қайсидир нуқтада, Яқин Шарқ ёки ўз ҳудудида “инқироз тўфони”га дуч келиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА