Эрон АҚШ билан сулҳни бекор қилиши мумкин
Эрон агар Исроил Ливанга ҳужумни давом эттирса, АҚШ билан тузилган келишув ва Ҳурмуз бўғозини очиш қарорини қайта кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Демак, минтақада вазият яна кескинлашмоқда. Бу ҳақда халқаро манбаларга таяниб хабар берилган.
Маълум қилинишича, Теҳрон воситачилар орқали АҚШ вакиллари билан Исломободда ўтказилиши режалаштирилган музокарада фақат Ливанда ҳам ўт очиш тўхтатилган тақдирдагина иштирок этишини билдирган. Эрон расмийлари Ҳурмуз бўғозини қайта очиш бўйича аввал қабул қилинган қарор ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган. Манбаларга кўра, агар Исроил Ливан ва Эрон ҳудудига зарба беришда давом этса, Теҳрон минтақадаги давлатларга қарши, жумладан Исроилга нисбатан ҳарбий ҳаракатни кучайтиради.
8 апрель куни воситачилар бўлажак Эрон – АҚШ учрашувининг сўнгги тафсилотини муҳокама қилган. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳам Эрон сулҳ шартини қайта баҳолаётганини тасдиқлаган. Хусусан, “Тасним” агентлиги маълумотига кўра, Исроилнинг Ливанга ҳужуми давом этса, Теҳрон АҚШ билан тузилган келишувдан чиқиши мумкин.
Шу орада Исроил армияси Байрут, Бикаъ водийси ва Ливан жанубидаги ҳудудлардаги 100 дан ортиқ нишонга зарба берилганини маълум қилди. Бу амалиёт ҳозирги можаро бошлангандан кейин мувофиқлаштирилган энг йирик ҳужумлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Ливан расмийлари билдиришича, ушбу ҳужумлар натижасида камида 1530 киши ҳалок бўлган, 4812 фуқаро турли даражада жароҳат олган.
Маҳаллий аҳоли аксар зарбалар эвакуация тўғрисида олдиндан огоҳлантиришсиз амалга оширилганини айтган. Минтақада кескинлик кучайиб бораётган бир пайт, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн ҳам Эрон томонидан амалга оширилган янги ракета, дрон ҳужумлари ҳақида хабар берди. Айрим зарбалар нефть, энергетика ҳамда сувни чучуклаштириш инфратузилмасига қаратилгани таъкидланган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА