Ереванда бугун икки нафар боксчимиз рингга кўтарилади
Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида бокс бўйича анъанавий «Yerevan Mayor Cup» халқаро турнири давом этмоқда.
Мусобақанинг дастлабки кунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Шаҳзод Музаффаров ва Иқболжон Холдоров муваффақиятли иштирок этиб, кейинги босқичга йўл олган эди. Энди эса навбатдаги беллашувларда яна икки нафар ҳамюртимиз рингга кўтарилади.
Эртанги баҳслар дастурига кўра, -60 кг. вазн тоифасида Самандар Олимов мезбонлар вакили Арман Арзуманянга қарши баҳс олиб боради. Учрашув Тошкент вақти билан соат 15:00 да бошланиши режалаштирилган.
Шунингдек, -70 кг. вазн тоифасидаги вакилимиз Иқболжон Холдоров чорак финал йўлланмаси учун молдовалик Владимир Назимкога қарши рингга чиқади. Ушбу жанг соат 17:00 га белгиланган.
Маълумот учун, мусобақа Тошкент вақти билан соат 14:00 дан старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА