Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан жорий йил бошиданоқ ҳудуддаги ер назорати тадбирларининг бориши ва амалга оширилаётган ишлар аҳволи таҳлил қилинди.
Ер ва кадастр назоратини автоматлаштириш, коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашдан бартараф этилгунга қадар мониторингини юритувчи “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими таҳлиллари шуни кўрсатдики, жорий йил бошидан Кадастр агентлиги Тошкент вилояти айрим ҳудудий бўлим бошлиқлари томонидан назорат ва таҳлил ишлари тўғри ташкил этилмагани маълум бўлди.
Жумладан, Кадастр агентлигининг Бекобод, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Оққўрғон, Паркент, Чиноз, Янгийўл, Зангиота, Ўртачирчиқ туманлари ва Чирчиқ, Бекобод, Нурафшон, Оҳангарон шаҳар бўлимлари томонидан ноқонуний ер майдонларини эгаллаб олиш, фойдаланиш ҳамда ноқонуний қурилмалар қуриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлар аниқланмаган.
Ерга оид қонунбузарликка йўл қўйган фуқаро ва мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни ўз вақтида, тўлиқ ундирилишида эса Зангиота, Тошкент, Бўка, Қибрай туманлари ҳамда Оҳангарон, Ангрен шаҳар бўлимлари томонидан сусткашликка йўл қўйилган.
Юқоридаги номлари қайд этилган бўлим раҳбарлар интизомий жазо чораси қўлланилиши юзасидан огоҳлантирилиб, ерга оид қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан қатъий чоралар кўриши ҳамда иш самарадорлигини тўғри йўлга қўйиш вазифаси берилди.
Бундан ташқари, юқорида келтириб ўтилган камчиликларга йўл қўйган Бекобод туман бўлими раҳбарига (ҳайфсан) интизомий жазо чораси қўлланилди.
Мутахассислар томонидан қўлланилган маъмурий жарималарнинг ундирилиши таҳлил қилинганида, фуқаро ва мансабдор шахсларга нисбатан жорий йил бошидан буён жами 1 миллиард 413 миллион 300 минг сўм жаримани ундириш самарадорлиги жуда паст экани қайд этилган. Айрим агентлик туман ва шаҳар ҳудудий бўлимлари бошлиқлари томонидан маъмурий жарималарни ундириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Жумладан, Кадастр агентлиги Зангиота тумани бўлими томонидан қўлланилган 45 миллион сўм жарима умуман ундирилмаган. Бошқа жойларда ҳам шу каби салбий ҳолатлар бўйича мутахассислар танқид қилинди.
А.Мусаев,ЎзА.