Ер усти метроси тагидаги сервис шохобчалари олдида автомобиль тўхтаб туришига шароит йўқ
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, ўз ечимини кутаётган масала ва муаммоларни обдон ўрганмоқда.
Жумладан, депутат Ойдин Абдуллаева пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Бирдамлик, Асробод, Қўш қўрғон маҳаллаларига ташриф буюриб, мавжуд муаммоларни ўрганди.
Хусусан, Бирдамлик маҳалласи идораси маънан эскиргани сабабли янги бино қуриш масаласи кўтарилган. Ушбу ташаббусга инвестор қизиқиш билдириб, ўз лойиҳасини тақдим этган. Лойиҳа бўйича барча ҳужжатлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига топширилган бўлса-да, рухсат олиш жараёни анча вақтдан бери кечикаётгани аниқланди.

Шунингдек, ҳудудда мавжуд метро йўли тагида тадбиркорлик субъекти учун ер ажратилиб, аҳолига турли хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш ишлари бошланган. Аммо мазкур шохобчалар олдида автомобиллар тўхтаб туриши учун шароит яратиш кўзда тутилмаган. Бу эса келажакда харидорларга ноқулайлик туғдириб, тадбиркорнинг фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилди.
Қўш қўрғон маҳалласи еттилиги билан ўтказилган суҳбатда аҳолиси 8500 дан ортиқ бўлган ҳудудда болалар боғчасига зарурат борлиги таъкидланди. Бу борада мутасаддилар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган бўлса-да, масала ҳанузгача ўз ечимини топмаган.
Ўрганишлар давомида аниқланган масалалар депутат ва масъуллар томонидан назоратга олинди. Шунингдек, учрашувлар чоғида депутат маҳаллаларнинг кутубхоналарига янги адабиётларни тақдим этди.
***
Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Аъзамова сайлов округидаги фаолияти давомида Халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши ҳузуридаги Ёшлар маслаҳат гуруҳининг кенгайтирилган мажлисида иштирок этди.
Мажлисда ёшлар билан боғлиқ долзарб масалалар, турли лойиҳаларда ёшларнинг иштирокини кенг қамраб олиш лозимлиги, уларнинг таклиф ва ташаббуслари, шунингдек, ҳудуддаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Унда таълим, бандлик, спортни ривожлантириш ҳамда ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, мулоқот давомида Темирйўлчилар техникуми талаба-ёшларининг таклифлари ҳам эшитилди. Ёшларнинг ҳар бир ташаббуси депутатлар томонидан атрофлича таҳлил қилинди. Депутат Г.Аъзамова ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича масъуллар билан келишиб олди.

***
Пастдарғом туманининг Гумбаз, Истиқлол ва Дўрмонсой маҳаллаларида мактаб биносининг торлиги, ички йўлларнинг абгор аҳволи, поликлиникалардаги мутахассислар танқислиги ва суюлтирилган газ таъминотидаги сурункали узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Тўхташев мазкур ҳудуддаги ўрганишлари давомида маҳалла вакиллари ва аҳоли билан мулоқот қилар экан, уларнинг эътироз ва мурожаатларини ҳал этишга алоҳида эътибор билан ёндашди. Эътиборли жиҳати, айрим масалалар депутат томонидан жойидаёқ ҳал этилди. Маблағ ва вақт талаб этадиган айрим муаммолар бўйича эса тегишли мутасаддиларга депутатлик сўрови юбориладиган бўлди. Айрим йирик лойиҳалар “Ташаббусли бюджет” дастурига йўналтирилиши айтилди.
Таъкидлаш лозимки, халқ вакилларининг ҳар галги учрашув ва ўрганишлари давомида жойлардаги мавжуд камчиликлар бартараф этилиб, ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшилмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА