Ер ресурсларини барқарор бошқариш бўйича ўқув-тренинг ташкил этилди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда қурғоқчиликка учраган экотизимлардаги ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш” (GCP/UZB/020/GFF) лойиҳаси доирасида Фермерлар дала мактаби учун "Ер деградациясини нейтраллаштириш (LDN)" мавзусида ўқув-тренинг ўтказилди.
Тадбирда вазирлик мутахассислари, лойиҳа экспертлари, илмий доира вакиллари ҳамда маҳаллий ер ва табиий ресурслардан фойдаланувчилар иштирок этди. Тренинг давомида ер деградациясини баҳолаш, ер ресурсларини комплекс бошқариш ва улардан самарали фойдаланишнинг замонавий ёндашувлари юзасидан фикр алмашилди.
Мутахассислар томонидан ер ресурсларини режалаштириш, деградация жараёнларини барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган илмий асосланган ёндашувлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, машғулотлар давомида БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси (UNCCD) доирасида ишлаб чиқилган халқаро услублар, уларни миллий ва ҳудудий шароитларда қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди. Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали экотизимларни муҳофаза қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тренингда Оролбўйи ҳудудлари, шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларининг табиий-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган субмиллий ёндашувлар тақдим этилди. Лойиҳа доирасида яйловлар, ўрмонлар ва бошқа ер ресурсларини барқарор бошқаришга оид амалий тавсиялар ҳамда методик қўлланмалар тайёрлангани қайд этилди.
Тадбир якунида ўқув-тренингни муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Шу билан бирга, ер деградациясини нейтраллаштириш, ер ресурсларини барқарор бошқариш ва илмий асосланган қарорларни амалиётга кенг жорий этиш мамлакатнинг экологик барқарорлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА