Жамоат эҳтиёжлари учун оммавий сервитут белгилашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келган.
“Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан шу муаммо бартараф этилмоқда.
Сенатда маъқулланган мазкур қонун асосида жамоат эҳтиёжлари учун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (оммавий сервитут) қандай мақсадларда олиниши белгиланмоқда. Бошқа мақсадларда оммавий сервитут белгилаш тақиқланмоқда.
Амалда ижара муносабатларининг объектига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) тартиби белгиланмаган эди.
Эндиликда қонун билан ижара муносабатларининг объектлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ижарага берувчининг розилиги билан ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкин. Бундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари мустасно.
Бугунги кунда ер участкасини ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш зарурати мавжуд эди.
Эндиликда Сенат томонидан маъқулланган қонун билан ижарага олиш шартномаси муддати тугаганидан кейин янги муддатга шартномани узайтиришда ижарачи олдинги шартномада кўрсатилган талабларни лозим даражада бажарган бўлса, бошқа шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга бўлиши Ер кодексига киритилмоқда.
Сенаторлар мазкур қонуннинг келгусида кучга кириши ижара муносабатлари янада кенгайишига, сервитут белгилаш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилишини эътироф этди.
Н.Абдураимова, ЎзА