Навоий вилоятида жорий йилнинг ўтган икки ойи давомида 863 та кўчмас мулк объектларига манзил берилди.
Давлат кадастрлари палатаси томонидан “е-ijara” дастурига 75 минг 158 гектар деҳқон хўжалигига ер майдони киритилган. "Ўздаверлойиҳа" институти томонидан 17 минг 229 та лотлар тайёрланди. 8 минг 684 та лотлар бўйича танлов ғолиблари аниқланган. 2 минг 297 лотлар бўйича 640 гектар ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бу ҳақида Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Давлат кадастрлари палатаси томонидан кадастр паспорти тайёрлаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар, ипотека ва ижара шартномалари, сервитут тўғрисидаги келишувларни давлат рўйхатидан ўтказиш, манзил (геокод), фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш, аукционга ер чиқариш ва қурилиши тугалланган биноларни фойдаланишга қабул қилиш каби хизматлар амалга оширилади.
Айни пайтда кўрсатиладиган хизматлар учун мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам амалга оширилади.
– Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан 119 та кадастр сёмка ишлари, 580 та якка тартибдаги уй-жойлар, 604 та квартира, 278 та нотурар жой объектлари, 108 та турар жой обектларига мўлжалланган ер участкаларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди, – дейди бошқарма бошлиғи Мансур Носиров. – Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган жами 3 минг 584 та турар ва нотурар жой объектлари, 7 та ижара ҳуқуқи, 239 та бино ва иншоотларнинг ипотека шартномалари давлат рўйхатидан ўтказилди. Номида турар-жой борлиги (йўқлиги) ҳақида эса 15 та сўровномага жавоб берилди.
Матбуот анжуманида Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз борди.
Қарорга асосан захирага қайтарилган ер майдонлари деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда очиқ электрон танлов орқали 10 йилга ижарага берилади. Жумладан, оилавий тадбиркорлик қилиш мақсадида юрган фуқаролар қарор асосида бўш ер участкаларини олиб фойдаланишлари мумкин. Мазкур қарор доирасида ажратилган ер участкалари, кредит ресурслари ҳисобига доимий ва барқарор даромад манбаига эга бўлган фуқаролар қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилади. Шунингдек, ердан фойдаланишда “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарида рўйхатда турувчи ёшлар ва хотин-қизлар бир қатор имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга тизим мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб берилди.
[gallery-6229]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.