Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси” ва бошқа қонун ҳужжатларида соҳага юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, айниқса, суғориладиган ер майдонларини асраб-авайлаш, талон-тарож қилинишининг олдини олиш мақсадида вилоят миқёсида мунтазам ер назорати тадбирлари олиб борилмоқда.
Олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишларига қарамасдан ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер майдонларидан мақсадсиз ҳамда самарасиз фойдаланиш, ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учрамоқда.
Ўрганишлар давомида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 139 та ҳолатда 4,5 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.
Қонунбузилиш ҳолатлари ер турлари бўйича таҳлил қилинганида, 6 та ҳолатда 0,70 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, 61 та ҳолатда 0,40 гектар аҳоли пунктлари ерлари, 45 та ҳолатда 0,50 гектар саноат, транспорт, алоқа, мудофаага тегишли ва бошқа ерлар, 16 та ҳолатда 0,30 гектар сув фонди ерлари ва 11 та ҳолатда 2,6 гектар давлат захира ерлари билан боғлиқ эканлиги, яъни ноқонуний эгаллаб олинганлиги маълум бўлди.
Масалан, ер назорати тадбирлари давомида мутахассисларимиз томонидан Избоскан тумани, Тўрткўл маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Р. ўзига тегишли бўлган яшаш хонадонига туташ бўлган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний қурилиш қилиб олганлиги аниқланди. Шундай ҳолат Марҳамат тумани, Наврўз маҳалласи Мустақиллик кўчасида ҳам қайд этилди. Фуқаро А.М. томонидан ўзига тегишли бино иншоотларининг олд қисмидаги пиёдалар ўтиш йўли ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.
Шаҳрихон туманида олиб борилган назорат тадбирлари давомида туманнинг Қумтепа маҳалласи ҳудудидаги мавжуд 35 кв.метр ер майдони шу ҳудудда яшовчи, фуқаро А.Ш. томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, савдо дўкони қуриб олингани маълум бўлди.
Бундан ташқари, ўрганишлар давомида Улуғнор тумани, Бўстон маҳалласида яшовчи фуқаро Б.О. томонидан туманнинг Мирзааҳмедов массивидаги 1 гектар ер майдонига ўзбошимчалик билан балиқ боқиладиган ҳовуз қилиб, ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолати содир этилганлиги аниқланди.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда туман, шаҳар бўлимлари инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
[gallery-16088]
Шунингдек, Қўрғонтепа туманида олиб борилган ер назорати тадбирларида туманнинг Қорасув массивида аслида енгил конструкцияли вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан иссиқхона қуриш учун ажратилган ер майдонига фуқаро М.М. томонидан ҳеч қандай рухсатсиз мукаммал қурилмалар қурилиб, атрофи бетон девор билан ўраб олганлик ҳамда ҳужжатда кўрсатилган ер майдонидан 0,10 гектар ер майдони ортиқча эгаллаб олинганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат бўйича йиғилган ҳужжатлар туман прокуратурасига тақдим этилди.
Бошқармамиз, туман, шаҳар бўлимларимиз мутахассислари томонидан юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этишга қаратилган ўрганиш, тарғибот, тушунтириш ва профилактик тадбирлари белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.
Ботиржон Мирзаҳмедов,
Кадастр агентлиги Андижон вилояти
бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
ЎзА