Энг муносиблар хизмати эътироф этилди
Сирдарё вилоятида ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва мактаб спортини ривожлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ педагог ва мутахассислар муносиб тақдирланишди.
Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси биносида умумтаълим мактабларида “Энг яхши мактаб спорт клуби” фаолиятини самарали ташкил этиб келаётган ходимларни рағбатлантиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда бир қатор устоз ва мутахассисларга Спорт вазирлигининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони топширилди.

Хусусан, Гулистон шаҳридаги 6-сонли умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия ўқитувчиси Санжар Мусаев, Гулистон шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Зафар Мирзалиев, Оқолтин тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Жамшид Зикриллаев ҳамда Оқолтин туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби директори Шоҳира Йўлдошевалар ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлишди.
Тадбирда иштирок этган Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов ҳамда Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Исоқов кейинги йилларда таълим ва спорт соҳалари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида мактабларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, ўқувчилар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни кашф этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар.

– Бугун спорт ва таълим соҳасидаги меҳнатимизга берилаётган бундай юксак эътироф биз учун катта фахр ва масъулиятдир, – дейди Гулистон шаҳридаги 6-сонли умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия ўқитувчиси Санжар Мусаев. – Айниқса, “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланганим менга янада катта куч ва ишонч бағишлади. Бугунги кунда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳар бир педагогнинг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Унинг таъкидлашича, мактабда ўқувчиларнинг спортга қизиқишини ошириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни мусобақаларга тайёрлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, спорт ёшларни интизомли, иродали ва ватанпарвар бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда.

Қайд этилганидек, бугунги кунда умумтаълим мактабларида спорт тўгараклари фаолиятини кенгайтириш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни соғлом ҳаёт тарзига йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса нафақат спорт натижалари, балки ёшларнинг жисмоний ва маънавий камолотига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Тадбир давомида тақдирланган педагог ва мутахассисларнинг меҳнати келажак авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги муносиб хизмат сифатида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири