Энг муҳим вазифа – аҳоли учун арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалаларига бағишланди.
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалаларига бағишланди.
Маълумки, Президентимиз раислигида жорий йил 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида секторлар раҳбарларига муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Сессияда таъкидланишича, туманда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ҳамда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туманда 2020 йилнинг 9 ойи давомида тижорат банклари томонидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш мақсадида қарийб 5,4 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, халқаро молия институтлари томонидан ажратилган 1 миллион доллардан ортиқ маблағ ҳисобига 165 бош йирик шохли чорва мол олиб келинган.
– Жорий йил 9 ойи мобайнида туман бўйича 4,7 минг тонна гўшт, 27,1 минг тонна сут, 21,1 минг тонна картошка, 61,8 минг тонна сабзавот, 2,8 минг тонна полиз, 13,4 минг тонна мева, 16,9 миллион дона тухум етиштирилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилди, – деди Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабаев. – Ушбу маҳсулотларни етиштириш ҳажмлари бўйича аввалги йилларга нисбатан барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.
Бироқ туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича етарли ишлар ташкил этилмаганлиги, даврий равишда янгиланиб турадиган озиқ-овқат захирасини яратишга эътибор қаратилмаганлиги бозорлардаги нарх-наволарнинг ошиб кетишига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам туманда бугунги кундаги энг муҳим вазифамиз – аҳоли учун арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, бу орқали одамларнинг кайфиятини кўтариш ва эртанги кунга бўлган ишончини орттириш ҳисобланади.
Туман ҳокимининг қўшимча қилишича, юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудуднинг 203 минг нафардан ортиқ аҳолисини жорий йилнинг 1 ноябридан 2021 йилнинг 1 майгача бўлган даврда гўшт, тухум, шакар, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, ун ва ёғ маҳсулотига бўлган талабнинг аниқ ҳисоб-китоби ишлаб чиқилган.
Ушбу талабга кўра, аҳоли эҳтиёжи учун белгиланган даврда туман бўйича 4,4 минг тонна картошка, 2 минг тонна пиёз, 1,5 минг тонна сабзи, 203 тонна гуруч, 7,1 минг тонна ун маҳсулоти, 1,9 минг тонна мол ва қўй гўшти, 1,8 минг тонна парранда гўшти, 1,1 тонна шакар, 983 тонна балиқ, 21,1 миллион дона тухум зарур.
Сессияда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминлаш ҳамда етишмаган маҳсулотларни қоплаш манбаларига аниқлик киритилди.
Таҳлилларга кўра, аҳолининг 2 минг тонна пиёз, 1,5 минг тонна сабзи, 995 тонна гуруч, 7,1 минг тонна ун маҳсулотлари, 21,1 миллион дона тухумга бўлган эҳтиёжи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан 100 фоиз таъминланади.
Нарх-наво барқарорлигида маҳсулотнинг тўғридан-тўғри савдо растасига етиб бориши жуда муҳим. Бунга эришиш учун ҳудудда кўчма дўконлар ўрнатилмоқда.
Аҳоли молини бозорда даллолга, даллол эса қассобга сотади. Қассоб молни сўйиб, улгуржи нархда сотади. Хуллас чакана савдога етиб боргунга қадар маҳсулот қўлма-қўл бўлиб, нархи ошиб кетади. Кўчма дўконлар ўрнатилган тақдирда фермерлар бозорга тўғридан-тўғри маҳсулот чиқариши ва бу орқали нарх тушуши мумкин. Фермер 50 минг сўмдан гўшт сотса ҳам фойда олади.
Аҳолининг гўштга бўлган талабини қондириш, умуман, истеъмол бозорида гўшт маҳсулотлари таклифини кўпайтириш мақсадида туман марказий деҳқон бозорида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилди.
Ярмаркага 25 та чорвачилик фермер хўжалиги томонидан мол ва қўй гўшти, 1 та фермер хўжалиги томонидан парранда гўшти, 8 та фермер хўжалиги томонидан балиқ, 2 та фермер хўжалиги томонидан тухум арзон нархларда етказиб берилиши кўзда тутилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, тадбиркорлар Украинадан шакар олиб келиб, 4 минг сўмдан сотса ҳам яхшигина даромад олади. Туманга ушбу давлатдан шакар олиб келиш бўйича шартнома тузилган, айни вақтда импортни амалга оширадиган тадбиркорлар томонидан пул ўтказилмоқда. Маҳсулотни 10 кун ичида олиб келиш имкони бор. Шундай экан, 10 кунда арзон шакар савдога чиқарилади.
Сессияда Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев ҳам мазкур масала юзасидан ўз фикрини билдирди.
– Президентимиз белгилаб берган вазифалардан келиб чиқиб, энг аввало, ҳисоб-китоб билан шуғулландик, – деди М.Убайдуллаев. – Яъни, ҳудудларнинг кучли ва кучсиз томонларини ўргандик, ўсиш нуқталарини аниқлашга ҳаракат қилдик. Масалан, Сўхда картошка, бошқа жойда эса гуруч яхши етиштирилади. Шунингдек, ҳудудларнинг муаммоли жиҳатлари аниқланди. Тошлоқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, чорвачилик соҳасида туманда 43 та фермер хўжалиги бор ва уларда 2 минг 500 дан ортиқ қорамол боқилиши лозим эди.
Аммо айни вақтда 1 минг 100 бошга яқин мол борлиги аниқланди. Қайсидир фермерда чорва учун лозим бўлганидан ортиқча ер бўлса, бошқасида кам. Биз тақсимотни тўғри амалга оширишимиз лозим. Тошлоқда парранда 70 фоиз, балиқ эса 60 фоизга таъминланган. Биздаги маълумотларга кўра, ушбу туманда 30 та балиқчилик хўжалигининг фақат 30 фоизида балиқ боқилмоқда.
Гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархини туширмоқчи бўлсак, аввало унинг таннархини пасайтиришимиз шарт.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан халқ депутатлари Тошлоқ тумани Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгашининг ҳам мазкур масалага оид сессияси бўлиб ўтди.
