Энг фаол ва истиқболли стартаплар эгалари тақдирланди
Сирдарё вилоятида ёшлар инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг стартап ғояларини амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида “Ideathon” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур ташаббус Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда "IT Park Uzbekistan" Сирдарё филиали ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирлар давомида иштирокчилар ўз стартап лойиҳаларини тақдим этиш, соҳадаги мутахассислардан амалий тавсиялар олиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдилар. Унда жами 200 дан ортиқ инновацион стартап ғоялари намойиш этилди.

“Ideathon” доирасида тақдим этилган лойиҳалар ёшларнинг ахборот технологиялари, рақамли ечимлар ва тадбиркорлик соҳасидаги салоҳияти тобора ортиб бораётганини кўрсатди. Мутахассислар томонидан ғоялар иқтисодий самарадорлик, амалга ошириш имконияти ва инновацион ёндашув нуқтаи назаридан баҳоланди.
Танлов якунларига кўра, энг фаол ва истиқболли деб топилган 40 нафарга яқин стартап эгалари совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, бир қатор лойиҳаларни кейинги босқичларда ривожлантириш ва инвестиция жалб этиш бўйича тавсиялар берилди.

Тадбир ташкилотчиларининг таъкидлашича, бу каби лойиҳалар ҳудудларда стартап экотизимини ривожлантириш, ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ҳамда истиқболли инновацион ғояларни аниқлаб, уларни амалий лойиҳаларга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА