Энг фаол китобхон аниқланди
Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши томонидан тизимдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ўртасида “Энг фаол китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
“Китобсевар миллат – маърифатли жамият пойдевори” шиори остида ўтказилаётган VI Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ташкил этилган танловда туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган 50 нафар иштирокчи қатнашди.

Танловда китобхон хотин-қизларнинг саводхонлиги, бадиий асарлар бўйича билими ва нуқт маданиятига баҳо берилди. Якунда Самарқанд шаҳридаги 82-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ҳуснидахон Онарбоева биринчи, Оқдарё туманидаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси Моҳинур Муродова иккинчи ва Ургут туманидаги 120-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Гавҳар Мамарасулова учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиблар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши томонидан диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, кўрик-танловнинг барча иштирокчиларига юртимиздаги тарихий шаҳарларга саёҳат сертификатлари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА