Энг буюк ўқитувчи бу – ҳаёт
Одатда жамиятнинг муҳим қисмини ташкил этувчи таниқли одамлар ҳақида "ернинг тузи" дейишади. Улар ўз меҳнати, истеъдоди, ахлоқий фазилатлари билан ҳаётга маъно бахш этадиган, маданий ва маънавий қадриятларни сақлайдиган кишилардир. Улар ўз иши ва ҳаётида иродаси ва ҳалолликка интилиши билан бошқаларни илҳомлантиради. Бундай одамлар шунчаки меҳнаткаш эмас, балки келажак авлодлар учун пойдевор яратувчилардир. Улар кўпинча узларига ортиқча эътиборни жалб қилмайди. Бу тоифа одамлар жамиятни маънавий таназзулдан сақлайди ва жамият ҳаётига мазмун бағишлайди. Ёзувчи Нурали Қобулни ана шундай, ўз халқининг тақдири ҳақида чуқур қайғурадиган тоифадаги одамларнинг вакили деб бемалол айтиш мумкин. Унинг асарлари нафақат республикамизда, балки туркий дунё китобхонлари орасида ҳам кенг танилган. Ёзувчи Нурали Қобул бу йил 75 ёшни қаршилайди.

– Нурали ака, ҳар бир давр ўз қаҳрамонларини яратади. Масалан, сизнинг ёшлик йилларингизда ёзувчилар, шоирлар, актёрлар “юлдуз” бўлган. 90-йилларда санъаткорлар жуда таниқли эди. Бугун бу ўринни блогерлар эгалламоқда. Бир пайтлар ёзувчи ёки шоир бўлиш жуда урф бўлган. Ҳатто истеъдодсизлар ҳам бирор нарса ёзиш ва бунинг эвазига қалам ҳақи олиш истагида бир нарсалар ёзишга ҳаракат қилишган. Ҳозир улар ҳақида ҳеч ким билмайди, айниқса, уларнинг асарлари ҳақида. Муаллиф учун ёзишда энг муҳим нарса нима?
– Адабиёт шундай бир қудратли куч ва эътиқодки, ундаги эрку озодлик, ўз фикрини очиқ ойдин ва тўлақонли ифода этиш борасида ҳеч бир ғоя, дин ёки турли-туман фикрий оқимлар у билан тенглаша олмайди. Дунёдаги барча эътиқод ва ғоялар одамларни йиллар мобайнида яратган ўз қолипларига солиб, йуналтирмоқ, бошқармоқ, манфаатларига хизмат қилдирмоқни истайди. Адабиёт эса бундай тазйиқ ва босимлардан холи, инсон эркинлиги ва ҳаёт ҳақиқатларини озод руҳ билан ифода этишда инсон шахсини ҳеч қачон чекламайди.
Сиз назарда тутган хаёлий ғоялар ва нотабиий тузум ва тизимга хизмат қилган санъатдан узоқ битиклар давр ва замоннинг бўрону довулларига бугун ҳамда келажакнинг талабу эҳтиёжларига жавоб бера олмай, ўз-ўзидан китоб расталаридан тушиб, китобхоннинг хотирасидан ўчиб кетади. Ғайритабиий, зўрма-зўраки тарғибот ва ташвиқот оқибатида яратилган мавсумий битикларнинг қисмати ҳам шундай тугайди. Ўтган даврдаги сохта адабиёт ва санъат асарларини қўя туринг, яқин кечмишимизда ҳам буюртма билан яратилган бир қатор битиклар ҳам бугун эгасидан бурун ўтиб кетмоқда.
Ҳазрат Алишер Навоийда “инкор этиб бўлмас ҳақиқатни сўйловчилар” деган фикр бор. Ҳақиқий ёзувчи ана шундай бўлиши керак. У барча ҳеч бир эътирозсиз қабул этадиган олий адолатлар ҳақида ёзиши ва ўқувчини ишонтира билиши керак. Навоий ҳазратларида авлиёлар фано босқичига етганда ўзларини унутадилар ва улардан чиққан ҳар бир фикр тангри иродасини ифода этади деган башоратомуз тушунча ҳам бор.
– Ёзаётганингизда режадан фойдаланасизми ёки сюжетнинг табиий равишда ривожланишига йўл қўйиб бериб, ўзингизни қатъий вақт чегаралари ва талаблари билан чекламай, эркин тарзда ёзасизми? Ахир баъзида фикр сайр ёки суҳбат пайтида келади ва бу нормал ҳолат ҳисобланади.
– Шеърият – бу кайфият ва вазиятнинг маҳсули. Катта наср теран билим, катта тажриба ва тартибли ишлашни талаб этади. Мен ана шундай режа асосида ва астойдил ишламасам йигирма беш жилддан иборат “Темурийлар” эпопеясини ва ўн олти жилддан иборат роман-памфлетларни ярата олмас эдим. Қисса ва ҳикояларни ҳисобга олмаганда “Унитилган соҳиллар” романини қўшганда бу қирқ иккита роман демакдир. Романлар ҳақидаги фикрларга фейсбук орқали кўзингиз тушгандир. Сиз катта асар ёзаётганингизда кечаю-кундуз, ҳатто уйқуда, тушингизда ҳам ишлайсиз, фикрлайсиз ва ёзасиз. Айтганингиздек, сайр пайтида энг гўзал фикрлар туғилади.
– Сиздан олдин бу даражага 137 та асарни “Инсоният комедияси” номи остида бирлаштирган буюк француз адиби Оноре де Бальзак эришган эди. Ижод қилишингиз учун илҳом олишингиз мумкин бўлган маълум бир жойлар борми?
– Кишининг ёши улғайган сари у педант ва консерватор бўлиб қолар экан. Мен Дўрмондаги ёзги боғимизда ёзишга одатланганман. Ёзганимда деразадан боғу оғочларга боқишни хуш кўраман. Бу ерда гап сизнинг усталик-профессионаллик даражангизга боғлиқ. Ижодкор не чоғли билимли ва тажрибали бўлса, у шу қадар ҳаёт ҳақиқати ва моҳиятини англаб етиб, битикларда акс эттира олади.
– Машҳур рус ёзувчиси Николай Гоголь янги нашрдан чиққан “Ганс Кюхельгартен” китобининг барча нусхаларини сотиб олиб, ёқиб юборган экан. Гарчи китоб тахаллус остида чиққан булса-да, адиб асарга бўлган кескин танқидларни кўтаролмаган экан.
– Тажрибали адиб, теран фикрлаган пайтлари илгари ёзганларидан воз кечган ҳолатлар бўлгани маълум. Ҳақиқий профессионал асар пишиб етилгандан сўнг қуйма жумлаларни битади ва сўнгра сайқал беради. Энг муҳими, халқ тилида, халқ англай оладиган тилда, оҳангда, ниманию қандай ёза билишда.
– Кейинги йиллардаги ижодингиз тарихий шахсларга бағишланган. Қаҳрамонларнинг шахсиятини қандай шакллантирасиз? Уларнинг образларига ижодий фантазия ва тасаввурларингизни киритасизми? Шунингдек, асар яратишда кайси ёзувчининг асарлари сизга илҳом беради? Масалан, сиз кимни ўзингизнинг устозингиз деб биласиз?
– Машхур тарихий шахслар ҳаёти ҳақида ёзганингизда муболаға ва фантазияга берила олмайсиз. Боиси, одамлар улар ҳақидаги воқеа ва ҳодисаларни билади. Гап уларнинг ҳаракатлари, ҳаёт ва фаолиятларини бадиий тарзда ишончли қилиб тасвирлай олишда. Аслида энг буюк ўқитувчи бу ҳаёт ва унинг ўнқир-чўнқир йўлу йўлаклари. Бежизга “Агарки сен хаётдан олмасанг таълим, сенга ўргатолмас ҳеч бир муаллим” дейишмаган. Албатта, биз Чехов, Толстой, Қодирий ва Айтматов мактабларидан ўтганмиз.
– Одатда асарларингизни қаерда нашр қиласиз? Қайсидир асарга ҳаммуаллиф бўлганмисиз? Ўқувчиларингизнинг ғоялари китобларингизда акс этган жойлари бўлганми?
– Ҳозир асосан асарлар “Амазон” интернет тармоғи орқали инглиз тилида дунё китобхонларига етиб боради. Бу тармоқда “Буюк Амир Темур” тарихий романим ва “Сукут суиқасди ёхуд Сталиндан Саддамгача” роман-памфлетим бор. Ҳаммуаллифликда бадиий асар ёзмаганман. Бироқ Анвар Жўрабоев билан биргаликда Габриэл Гарсиа Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили”, Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома” асарини қирғиз шогирдим Хурсанбой Маткаримов билан биргаликда таржима қилганмиз. Россияда чоп этилган “Не опоздай жить” китобим 180 рублдан дўкон ва интернет тармоқларида сотилмоқда.
Чингиз Айтматов “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қиссасини чухче ёзари Владимир Санги ғояси асосида ёзган. Адабий фаолиятда бўндай ҳолатлар учраб туради. Ижодкорнинг вазифаси халқдан олиб, уни санъат даражасига кўтариб, яна қайтариб халққа беришдир. Ҳақиқий ёзувчининг юраги ва имонида нафақат ўз халқи ва Ватани, бутун инсоният, унинг тақдири, қадрияти, ер юзининг тинчлигу саодати яшайди. Ўзим деган ўзаксиз кетади дегандек, ўз қобиғига ўраниб қолган кимса ва қавму қабилалар ўзлигини танимай, ўзга, катта элу-элатлар оғзига қараб, ётнинг йўриғи билан яшамоқ мажбуриятида қоладилар ёки йўқ бўлиб кетади.
– Максим Горкий адабиётни "инсониятни ўрганиш адаби" деб ҳисоблаган бўлса, Оноре де Балзак бутун умрини "Инсоният комедияси"ни яратишга бағишлаган бўлса, ёзувчининг асосий мақсади инсон қалбини илмий жиҳатдан ўрганиш деб айтиш мумкинми?
– Инсон ҳаёти, бу ёруғ олам тирикчилигининг ўзи даҳшатли ва гўзал бир трагикомедиядир. Пабло Неруда: “Не чоғли мадҳ этмайин, инсондек разил бир яратиқни кўрмадим” дея таассуф билан ёзган эди. Жаҳон адабиётини ўқир экансиз, одам зотининг ижобий хислатларига нисбатан салбий томони, разиллиги акс этган асарлар кўпроқ. Боиси, яхши инсонларга нисбатан кўмочу кавуш бандаси бўлмиш жамият ва инсониятга хайри савоби йўқ кишилар кўпчиликни ташкил этади. Мутахассислар фикрига кўра, саккиз миллиардга яқинлашаётган дунё аҳолисининг атиги икки фоизи фикрлайдиган одамлар экан. Уч фоиз киши эса ўзини фикрлаётган каби кўрсатар, қолган тўқсон беш фоиз нуфуз учун шунчаки яшар экан. Ёзувчининг вазифаси инсонларнинг ана шу яшаш тарзини бор бўй басти билан кўрсатиб бериб, уларни фикрлашга рағбатлантиришдир. Бекорга А.Эйнштейн инсоният яшаб қолмоғи учун мутлақо ўзгача фикрлаши керак демаган.
– Ўзингиз қайси асарингизни ёқтирасиз? Асарларингизда тўхталиб ўтмоқчи бўлган, аммо негадир бунга иккиланаётган бирон бир мавзу борми? Бугун қандай мавзу устида ишлаяпсиз ва янги асарлар ҳақида режангиз билан ўртоқлаша оласизми?
– Одам боласи фарзандларини яхши-ёмонга айира олмаганидек, асарларингизни ҳам ўзингизча сараламайсиз. Авлодларингиз танангизнинг бир парчаси, умрингиз ва наслингизнинг давомчиси бўлса, битган битикларингиз ақли идрокингиз салоҳияту қобилиятингизнинг инъикосидир. Бироқ табиийки ҳар бир ижодкор фаолиятида ўзак ва ҳал қилувчи асарлар бўлади. “Тубсиз осмон” дан бошланиб, ўн миллион нусхадан зиёд нашр этилган қиссалар ва ҳикояларим адабий қасримнинг пойдевори бўлса, ўн олти жилддан иборат роман-памфлетлар унинг юраги, йигирма беш жилддан иборат “Темурийлар” эпопеяси бошидир.
Ёзувчи бирор бир мавзуда ўзини чекласа, сўзининг сўнгига қадар, истаган оҳангда айта олмайди. Сиз бунга роман-памфлетларни ўқисангиз, ишонч ҳосил қиласиз. Бунинг учун ижодкорда А.П.Чехов кўп таъкидлаган “ички озодлик” чексиз бўлиши керак. Албатта бу ўринда ташқи озодлик, таъсир ва иқлимнинг ҳам аҳамияти катта.
Роман-памфлетларнинг ўн жилди нашр этилди. Қолган олтитасининг нашри билан машғулман. Ўн еттинчи роман-памфлет “Қиёмат қўнғироғи ёхуд Эйзенхауэрдан Эрдўғону Эйнштейндан Эпштейнгача” ва “Тириклик тонги ёхуд Трампдан Тўқаеву Путиндан Пол Потгача” устида ишламоқдаман. Бошқа тилларга таржима қилишаётган таржимонлар билан ишлашга ҳам анча вақт кетади.
– Ўз китобларингизда севимли қаҳрамонингиз борми?
– Бор албатта. “Тубсиз осмон”даги Норбўта. У менинг марҳум укам – Дониёр. “Темурийлар” эпопеясидаги Буюк Амир Темур, Султон Улуғбек, Ҳоқон Саид Шоҳрух, Алишер Навоий, Захириддин Мухаммад Бобур, Амир Боботурк, Амир Бобо Ҳусайн Туркистоний, Султон Йилдирим Боязид... Сиз асарингизда салбий образнинг ҳам яхши томонларини кўриб, ўни севмасангиз, адолатли ёндашмасангиз, образнинг характери тўлақонли чиқмайди. Бу жараёнда мен халқимизнинг “яхшини яхши деб кўкка кўтарма, ёмонни ёмон деб ерга киритиб юборма” деган мақолига амал қиламан. Зотан меъёридан ортиғи мурдор деган отасўзи ҳам бор. Бир китобхон менга: “Нега Султон Йилдирим Боязидни ижобий тасвирлагансиз?” дея савол берганларида “Икки буюк турк ҳоқони Амир Темур ва Султон Боязидлар қилган хатони мен қилмадим” дея жавоб бергандим. Боиси ҳар икки ҳоқон ҳам ўзларича ҳақ эдилар.
– Агар ёзувчи бўлмаганингизда, қайси касбни танлаган бўлардингиз? Агар яна ўтмишга қайтиш имконингиз бўлса, ёзувчилик касбингизни танлаган бўлармидингиз?
– Болалигимизда Ўсматга келган археологлар Дунётепани ағдар-тўнтар қилиб кавлай бошлашди. Қўрғонтепани қазишди. Улар фаолиятини кўриб, археолог бўламан дея ўйладим. Унгача Ойқор тоғидаги арчалар ва айиқу какликларни ҳимоя қилишни ўйлаб тоғбеги бўламан деб юрардим. Шу аснода тарих факультетига ўқишга кирдим, ўқитувчилик қилдим, туман, вилоят ва республика журнал ва нашриётларида ишладим. Қисмату қадар ёзувчилик экан. Яна қайта дунёга келишимиз, у дунёнинг қандай бўлишига боғлиқ. Бироқ ҳеч бир фарзандимнинг ёзувчи бўлишини истамадим. Ҳақиқий ёзувчининг елкасида шоҳу-гадодан тортиб, ҳар қандай маъсулникидан-да оғир юк туради. Буни ҳар ким ҳам умри бўйи кўтара олмайди. Мадомики, шу тупроқ, шу эл ва Ватанга қон ва имон боғи ила боғланган бўлса, албатта кўтара олади.
– Сиз адабиётнинг қайси жанрини ўқишни яхши кўрасиз? Сизнинг севимли муаллифингиз ким ва у сизнинг услубингизга таъсир кўрсатганми?
— Шундай фикр бор. Буни дўстимиз Евгений Евтушенко кўп такрорлар эди. Прозаик яхши шеъриятни, шоир яхши прозани ўқиб туриши керак. Кейинги пайтда тарихий асарлар ёзганим учун манбалар ва тарихий асарларни кўпроқ ўқийман. Устозлар маъносида юқоридаги саволларда ўз фикримни айтдим. Услуб масаласида эса ҳақиқий прозаик ўз услубига эга бўлмаса, ўқувчини жалб эта олмайди. Яхшими-ёмонми ҳар бир ёзувчининг ўз услуби бўлади. Суҳбатлашганингизда бир шеригингиз билан зерикмай қўнишасиз. Бошқа бири билан эса ҳангома зерикарли кечади. Услуб ва усул ҳам шундай. Энг муҳими, Чехов айтганидек зерикарли битикнинг адабиёт ва санъатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
–"Чуқур дарёлар сокин оқар" деган мақол бор. Чинакам истеъдод кўпинча сўзларнинг шошилинч оқими билан эмас, балки ихчам, сокин ва яширин мазмун билан боғлиқ деган фикрга қўшиласизми?
— Буюк жадидимиз Абдулҳамид Чўлпоннинг “Ўрдаларда севги бўлмас, шаҳзодалар сева билмас, севги асил яйловларда” деган ажойиб сатрлари бор. Мен Россия ўрмонлари, чексиз ўтлоқлари ва оққайинзорларни кўриб, бу илоҳий гўзал табиатдан бежизга Герцен, Толстой, Чехов, Гоголь, Пушкин, Лермонтов, Достоевский, Горький ва Репинлар етишиб чиқмаган экан деган фикрга келгандим.
Сабаби ер, табиат – инсониятнинг яралиши ва яратилишида тамал тоши бўлиб хизмат қилган. Аввало ана шу гўзал она ер ва табиат, сўнгра инсоният пайдо бўлган. Инсонлар қалбидаги неки гўзаллик ва нафосат бўлса, ана шу онамиз ва отамиз, ҳаётимиз манбаи табиат, ер, сув, ой ва қуёшдандир. Табиатни англамаган киши ўзининг ҳам кимлигини англамай ўтиб кетади. Табиатдек буюк илоҳий санъатнинг моҳиятига етмаган санъаткор ҳам ўз санъатида мукамалликка эриша олмайди. Сиз назарда тутган, ижод билан боғлиқ барча ахлоқий ва маънавий манбалар ҳаётимизнинг бош омили – табиатга бориб тақалади.
– Сизнинг асарингиз билан таниш бўлмаган одамга қайси асарингизни тавсия қилган бўлардингиз? Пушкин "Евгений Онегин" романини ёзганида Татьянанинг азоб-уқубатларини тасвирлаб, чин дилдан йиғлаган, Кумуш вафот этганида эса Абдулла Қодирий йиғлаган экан. Ўзингиз яратган, аммо уларнинг тақдирида ҳеч нарсани ўзгартира олмаган қаҳрамонингиз бўлганми?
– Мактаб ўқитувчилари қисса ва ҳикояларимдан бошланганлари маъқул. Агар интернет тармоғини кузатган бўлсангиз китобхонлар бот-бот “Темурийлар” эпопеясини мактабларда, роман-памфлетларни олий ўқув юртларида қўшимча адабиёт сифатида ўқитилишини тавсия этишмоқда. Ўйлайманки, тегишли ташкилотлардаги маъсуллар бу овозларга қулоқ солади. Роман-памфлетлар сиёсатчи бўлишни ният қилганлар ва сиёсатчилар учун ўқув қўлланмаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Мен табиатан йиғлоқи одамман. Отам Холбўта Мулла Қобил ўғли раҳматлидан ўтган менга бу йиғлоқилик. Қалб онадан, истеъдод отадан бўлганидек, ҳар бир қаҳрамоним тана тупроғини она тупроққа топширганида кўз ёш тўкаман. Йиғлаш фойдали дейди-ку табиблар. Фақат бағритошларгина йиғламайдилар.
– Дастлабки асарларингизда афсоналарга асосланган ҳикоялар ёзгансиз. "Салом, тоғлар!" ҳикоясини ёзишга сизни нима илҳомлантирган? Илҳом париси келмай қолган пайтлар ҳам бўладими?
– Сизнинг волидангиз Ширин Холмуродова ва қиблагоҳингиз Узоқбой Пиржанов – қардошларим қорақалпоқ туркчасига ўгирган “Салом, тоғлар!” қиссаси сўнггида ривоятнома бир эпизод бор. Бошқа битикларимда йўқ ҳисоб. Бу асарим волидам Бибинисо Мусулмонқул қизининг ҳаёти ва ҳикоялари таъсирида ёзилган.
Менинг уч тур машғулотим бор. Ўқиш, ёзиш ва жисмоний меҳнат. Бу уч машғулотни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Астойдил ёзаётганимда ҳам узоқ ўтириб қолмаслиқ учун боғга чиқиб бирор жисмоний иш қилиб келаман. Ота-юртим Ўсмат, Бахмалга бориб илҳом олиб келмоқ, юртимизни кезмоқ ва оддий, тоза инсонлар билан суҳбатлашмоқ, отамлашмоқ энг севган ишимдир.
– Илгари ёзувчилар ва ўқувчилар ўртасида жуда қизиқарли, жонли адабий учрашувлар бўлиб, китобхон томонидан саволлар бериларди. Бу анъана бугунги кунда ҳам давом этаяптими?
– Ҳозир ҳам бундай учрашувлар давом этмоқда. Бироқ ўқувчи, китобхон сиз назарда тутган даврлардаги каби ўқимишли, савияси юксак эмас. Мухбирлар суҳбат учун келганларида “Савол бермоқ учун ҳам савод керак” дейман ҳазилу чин аралаш. Тезда бойишдек хасталикка чалинган жамиятларда китобхонлик ўз-ўзидан сусайиб кетади. Гоҳида минг кишилик залда ўтирган ёшлардан бирортаси ҳам рисоладагидек савол бера олмайди. Талабаларни қўя туринг, уларга сабоқ бераётганларнинг даражалари ҳам ҳамин қадар.
– Ижтимоий тармоқлардаги танқидлар ва салбий фикр билдирган шахсларга қандай муносабатда бўласиз?
– Ноҳақ чаласавод ва ожиз одам танқиддан қўрқади. Кучли киши тўғри танқидни мардонавор қабул қилади. Сиз тилга олган ижтимоий тармоқлар кишиларимиз савиясини кўрсатувчи барометрга айланиб қолди. Саводсизлик ва чаласаводлик тизза бўйи. Эплаб жумла туза олмайдиганлар ўзгаларга ақл ўргатмоқчи бўлишади.
– Шахсий кутубхонангизда тахминан қанча китоб бор? Ундаги энг муҳим китоб сиз учун қайси бири? Ҳозир қандай китобларни ўқияпсиз?
– Санаганим йўқ. Ўн беш мингдан зиёд бўлса керак. Мен давомли равишда мактабларга китобларни жўнатиб тураман. Кутубхонадаги энг ноёб тўплам икки юз жилдлик “Жаҳон адабиёти дурдоналари” ҳозир эса Фриц Уильфортнинг “Туркистон кундалиги” ва Саидбаҳром Азизовнинг “Алишер Навоий асарларида фалакиёт сирлари” китобларини ўқияпман.
–Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Лира Шафиқ суҳбатлашди.
ЎзА