Энергия тежамкорлиги бугуннинг долзарб вазифаси
Мамлакатимизда истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишлар сифатини янада яхшилаш, қолаверса, энергия йўқотилиши ва авария ҳолатларининг олдини олиш, сарфланган энергия бўйича истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали томонидан вилоятдаги мавжуд 142 дона подстанция, 20 минг километрга яқин электр узатиш тармоқлари, 239 дона катта кучланишдаги, 8 минг 625 дона паст кучланишдаги трансформатор пунктлари орқали 710 мингдан зиёд истеъмолчига белгиланган тартибда электр энергияси етказиб берилмоқда.
– Истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, айниқса, энергия йўқотилиши ва авария ҳолатларининг олдини олиш, сарфланган энергия бўйича қарздорликни камайтириш бўйича зарур чоралар кўрилиб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида таркибига 400 нафарга яқин мутахассислар бириктирилган 71 та бригада ташкил қилиниб, 8 минг 983 та трансформатор пунктини таъмирлаш учун сафарбар этилди. Амалга оширилаётган ишлар бўйича прокуратура, “Ўзэнергияинспекция”, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали ва бошқа соҳалар мутахассислардан иборат назорат гуруҳлари томонидан кунлик мониторинг олиб борилмоқда, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари Сардорбек Юсупов.
Айни пайда ҳудудларда ишлаб турган мавжуд 8 минг 983 та трансформатор юкламаси ва эксплуатация ҳолатидан келиб чиқиб, “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилиб, мукаммал таъмирланиши лозим бўлган трансформатор пунктларининг рўйхати шакллантирилган.
Шу кунга қадар вилоят бўйича жами 1 минг 760 та трансформатор пункти кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Таъмирлаш ишлари давомида турли қувватдаги 22 та янги трансформатор ўрнатилди.
Бундан ташқари, трансформатор пунктларидан чиқувчи 843,4 километр узунликдаги ҳаво тармоқлари кўрикдан ўтказилиб, зарур жойларда дарахт шохларидан тозаланмоқда. Эскирган, носоз ёғоч устунлар бетон устунларга алмаштирилмоқда.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзэнергияинспекция” ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида Андижон шаҳар электр таъминоти корхонасининг Эски шаҳар бўлими тасарруфидаги электр қурилмаларида йўқотишларни камайтириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ўтказилган профилактик тадбирларга 13 та бригада таркибида 90 нафардан зиёд мутахассис, зарур техника воситалар жалб этилди.
[gallery-28769]
Таъкидлаш керакки, жорий йил январь-март ойлари давомида истеъмолчиларга жами 666 миллиард 240 миллион сўм миқдорида, электр энергияси етказиб берилиб, жами 705 миллиард 690 миллион сўм миқдорида маблағ ундирилди. Натижада йил бошидан жами қарздорлик 58 миллиард 254 миллион сўмга камайди.
Мавжуд қарздорликни мажбурий тартибда ундириш бўйича судларга 6 минг 512 та даъво аризаси киритилди, 3 минг 693 та истеъмолчи қарздорлиги учун энергия тармоғидан узилди.
Умуман, вилоятда қарздорликни ундириш, энергия йўқотилишининг олдини олиш, энергиядан оқилона ва унумли фойдаланиш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.