Ўзбекистон Республикаси Президенти “Энергия самарадорлигини ошириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва энергия сервис компаниялари хизматлари бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташкил этилади ва Агентликнинг асосий вазифалари белгиланди. Улар:
а) энергия самарадорлигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, соҳада рағбатлантирувчи ва таъсир этувчи чоралар ишлаб чиқиш ва тартибга солиш;
б) энергия тежашдан даромад олувчи энергия сервис компаниялари (ЭСКО) хизматлари бозорини ривожлантириш;
в) энергия самарадорлиги юқори лойиҳалар портфелини шакллантириш ва уларни амалга ошириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш;
г) энергия самарадорлигини ошириш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини баҳолаб бориш тизимини йўлга қўйиш;
д) аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва исрофдан тийилишга асосланган турмуш тарзи ва феъл-атворни шакллантиришга қаратилган энергия истеъмоли маданиятини ошириш ахборот кампанияларини ташкил этиш ва молиялаштиришдан иборат.
2025 йил 1 июлдан бошлаб аҳоли уй-жойларининг энергия аудитини ўтказиш харажатлари ҳамда қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи ва иссиқлик насослари (ҳаво, сув ва геотермал) қийматининг 40 фоизини, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаш учун Агентлик томонидан ўрнатиладиган тартиб асосида субсидия ажратиш йўлга қўйилади.
Агентлик томонидан тижорат банкларига жойлаштирилган ресурслар ҳисобидан ЭСКО лойиҳаларни молиялаштириш учун банк кредитлари ажратилади. Аҳолига ажратиладиган "яшил таъмир" кредитлари бўйича кредит ставкасининг 19 фоиздан ошган қисми, бироқ 4 фоизлик банддан ошмаган миқдорда Агентлик маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметасидаги тўртинчи гуруҳ харажатларининг камида 5 фоизи ҳамда бюджетдан ташқари маблағларининг камида 15 фоизи энергия самарадорлигини ошириш тадбирлари ва лойиҳалари учун режалаштирилади.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмани ривожлантириш дастури энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларга устуворлик бериш асосида шакллантирилади.
Ижтимоий соҳа объектларида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари амалга оширилгандан сўнг уларнинг эксплуатациясини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида хусусий секторга бериш амалиёти жорий этилади.
2025 йил 1 сентябрга қадар куйидагиларни кўзда тутувчи Энергия самарадорлигини ошириш рацамли платформаси ишга тушади:
энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги аудиторлар, консультантлар,менежерлар, ЭСКО компаниялар ва верификаторларнинг ягона реестрини юритиш;
субсидиялаш ва имтиёзли кредитлаш асосида харид қилинадиган қуёш панеллари, гелиоколлектор, иссиқлик насослари ва бошқа "яшил технологиялар" ишлаб чиқарувчиларининг рўйхатини тақдим қилиш;
энергияни тежашга хизмат қилувчи маҳсулотлар ва хизматлар, салоҳиятли энергия сервис компаниялари ва молиялаштириш манбалари бўйича маълумотлар ва улардан фойдаланиш юзасидан маслаҳат хизматларини тақдим қилиш.
Фармонга мувофиқ, субсидия ва кредитлар Агентлик ягона реестрига киритилган энергия аудиторларининг тегишли хулосалари асосида ажратилади.
ЎзА