Энергия самарадорлиги борасида илмий-амалий тадқиқотлар
Бугунги кунда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, электр энергияси йўқотишларини қисқартириш ва тармоқлар самарадорлигини ошириш мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлайдиган устувор вазифалардан бирига айланган. Бу борада давлатимиз томонидан яратилаётган ҳуқуқий ва ташкилий асослар амалиётда ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 августда қабул қилинган “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Қонунида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларнинг исрофини камайтириш ҳамда соҳага илмий ёндашувларни кенг жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш доирасида жойларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар изчил ташкил этилмоқда.

Жиззах вилоятида ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар илм ва ишлаб чиқариш интеграцияси асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Жиззах ҳудудий филиали мутахассислари билан ҳамкорликда дуал таълим тизими асосида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришмоқда.
Мазкур ҳамкорлик назария билан амалиётни уйғунлаштириш, ёш мутахассисларни реал ишлаб чиқариш муҳитида тайёрлаш билан бирга, ҳудудларда мавжуд муаммоларга илмий ечим топиш имконини ҳам яратмоқда. Шу мақсадда вилоятнинг шаҳар ва туманларига бириктирилган масъул профессор-ўқитувчилар жойларга чиқиб, электр таъминоти тизимидаги мавжуд ҳолатни атрофлича ўрганмоқда, муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқмоқда.

Айниқса, электр узатиш тармоқлари, трансформатор пунктлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналаридаги электр жиҳозларининг техник ҳолати чуқур таҳлил қилинмоқда. Ўрганишлар жараёнида энергия самарадорлигини ошириш, электр энергияси йўқотишларини камайтириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва мавжуд юкламаларни оптимал тақсимлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадқиқотларнинг дастлабки натижалари ва ишлаб чиқилган тавсиялар тегишли мутасадди ташкилотларга тақдим этилди. Шунингдек, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, тармоқлар ишончлилигини мустаҳкамлаш ва энергия самарадорлигини янада оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар юзасидан таклифлар билдирилди.
Муҳими, бу каби ишлар фақат мавжуд муаммоларни бартараф этишга эмас, балки келгусида энергия ресурсларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, замонавий ечимларни жорий этиш ва соҳада илмий салоҳиятни амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилоятида энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган илмий-амалий изланишлар изчил давом эттирилмоқда. Илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги асосида амалга оширилаётган бундай ташаббуслар эса энергетика соҳасининг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари