Юртимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, бу борада халқаро тажрибалардан фойдаланиш ва мутахассислар салоҳиятини ошириш муҳим йўналишлардан бирига айланди. Айниқса, йирик лойиҳалар доирасида хорижий компаниялар билан амалга оширилаётган ҳамкорлик натижасида мутахассисларимизнинг билим ва кўникмалари сезиларли даражада бойитилмоқда.
Шунга кўра, айни пайтда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти марказий аппарати ва “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖнинг бир гуруҳ мутахассислари Япониянинг Токио шаҳрида ташкил этилган махсус ўқув-семинарда иштирок этмоқда.

Ўқув дастури доирасида “Талимаржон ИЭС”да қуввати 1065 МВт бўлган янги буғ-газ қурилмаларини қуриш лойиҳаси доирасидаги ишларни самарали ташкил этиш, замонавий ускуналардан фойдаланиш, техник хавфсизлик ва эксплуатация маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, семинар иштирокчилари халқаро молия ташкилотлари маблағларидан оқилона фойдаланиш, лойиҳа бош пудратчилари – Испаниянинг “Intecsa Ingenieria Industrial” ҳамда “Mitsubishi Corporation” компаниялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган тренингларда ҳам қатнашяпти.

Мазкур махсус ўқув-семинар Япониянинг дунёдаги етакчи саноат корпорацияларидан бири – “Mitsubishi Corporation” ташаббуси билан амалга оширилди. Қайд этиш керакки, мазкур компания глобал савдо ва саноат йўналишларида фаолият юритувчи, 90 дан ортиқ мамлакатда 200 га яқин компания ва филиалга эга трансмиллий корпорация ҳисобланади. Энергетика, машинасозлик, инфратузилма, кимё, истеъмол товарлари ва бошқа қатор соҳаларда кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Компаниянинг юқори технологияларга асосланган ечимлари бугун дунё энергетика тизимида муҳим ўрин тутади.
Жамият ахборот хизматига кўра, бу каби амалиётлар нафақат соҳа ходимларининг малакасини ошириш, балки миллий энергетика тизимида замонавий ёндашувларни жорий этишга ҳам қаратилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА