Энергетика вазирлиги мутахассислари кам углеродли ва тоза энергетика бўйича Хитой тажрибасини ўрганмоқда
Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши, энергия ресурсларига бўлган талабнинг ортиши ва экологик барқарорликни таъминлаш энг муҳим вазифалардан. Шу боис, дунё мамлакатлари иқтисодиётнинг барча тармоқларида “яшил” тараққиёт тамойилларини кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда кам углеродли иқтисодиётга ўтишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Айнан шу мақсадлар доирасида жорий йилнинг 12-27 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги мутахассислари Хитойда ўтказилаётган кам углеродли ва тоза энергетика масалаларига бағишланган халқаро семинарларда иштирок этмоқда.
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Электр энергиясини ишлаб чиқариш бош мутахассиси Саидкомил Саидмуродов Хитой Халқ Республикасидан маълум қилди:
– Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари мутахассислари Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги томонидан Хитой нефть университети билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро ўқув семинарларида иштирок этмоқда.

Мазкур тадбирлар ривожланаётган давлатлар ўртасида мулоқот ва тажриба алмашувини кенгайтириш, замонавий энергетика технологиялари бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, “яшил” тараққиёт тамойиллари асосида паст углеродли энергетикага барқарор ўтиш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Семинарлар икки асосий йўналишда, хусусан, “Ривожланаётган мамлакатлар учун паст углеродли энергетика, углерод чўққиси ва углерод нейтраллигига ўтиш” ҳамда “Ривожланаётган мамлакатларда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш - тоза энергия” мавзуларида ўтказиляпти.
Тадбирларда Осиё, Африка, Европа ва Тинч океани минтақасидаги 10 дан ортиқ давлатлар вакиллари иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон, Монголия, Лаос, Камбоджа, Туркия, Шимолий Македония, Миср, Кения, Нигерия, Замбия, Кабо-Верде ҳамда Соломон ороллари энергетика соҳаси ташкилотларидан жами 53 нафар мутахассис қатнашмоқда.

Семинарлар доирасида тоза энергия технологиялари, углерод чиқиндиларини камайтириш механизмлари, “яшил” энергетика инвестициялари, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда барқарор энергетика сиёсатини шакллантириш бўйича маърузалар ва амалий тақдимотлар ўтказилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугунги кунда республика бўйлаб умумий қуввати 5 582 МВт бўлган 20 та йирик “яшил” электр станцияси, жумладан, 15 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Шунингдек, умумий қуввати 1 545 МВт бўлган 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
Қуёш ва шамол электр станциялари Навоий, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Наманган, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритиб, Ўзбекистон харитасида “яшил” энергетика қамрови тобора кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Ушбу “яшил” электр станциялари томонидан 2022 йилда 434 миллион кВт⋅соат, 2023 йилда 576,9 миллион кВт⋅соат, 2024 йилда 4,9 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 10,5 миллиард кВт⋅соатга етди. 2026 йилнинг ўтган даврида эса 4 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизлик ўсиш қайд этилди.
2030 йилга бориб юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари умумий қувватини 21 ГВтга, жумладан, 9,5 ГВт қуёш ва 11,5 ГВт шамол энергетикаси ҳиссасига етказиш ҳамда йилига 60 миллиард кВт⋅соат “яшил” энергия ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Мутахассисларнинг бундай халқаро семинарларда иштироки Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантириш, соҳада замонавий технология ва инновацион ечимларни жорий этишда муҳим саналади. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро энергетика ҳамжамияти билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, кам углеродли иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш ва экологик барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.