Ижтимоий тармоқларда аҳоли ўртасида газ, свет ва иситишдаги муаммолар қизғин муҳокамалар бўлмоқда. Кимдир буни тизим фаолиятидаги камчиликларга боғласа, яна кимдир мутасаддиларни айбламоқда.
Очиғини айтиш керак, бу йил совуқ ҳаво сабаб электр энергия ва газ етказиб беришда бир қатор муаммолар вужудга келди. Аҳоли хонадонларида свет ўчиши тез-тез кузатилмоқда. Газ босимининг пастлиги эса хонадонларни тўлиғича иситишга имкон бермаяпти.
Бугун АОКА пресс-холида Энергетика вазири ва тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида куз-қиш мавсумида юзага келаётган айнан шундай муаммоли масалалар ва таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
-Ҳурматли Президентимиз ҳар доим ҳудудларга чиқиб ўрганишни талаб қилади. Шу сабабли, вазирлик ҳузуридаги тузилган штаб республикадаги бундай муаммоларни доимий ўрганиб келмоқда. Бу бизнинг доимий ишимиздир.
Куни кеча водийдан келдик. Айни чоғда мен ўзим Тошкент вилояти ҳудудини ўрганиш билан машғулман Ҳар бир раҳбарнинг вазифаси халқни рози қилишдир. Албатта, халқни рози қилиш қийин. Лекин ҳозиргача рози қилолдикми ёки йук буни айтиш кийин. Бугун шу тадбирда қатнашаётган раҳбару ходимлар халқни рози қилиш ниятида меҳнат қилмоқда. Лекин яна бир бор айтаман, халқни рози қилиш осон эмас, - деди Энергетика вазири Алишер Султонов матбуот анжуманида.
Нега свет тез-тез ўчмоқда?
-Бугунги кунда катта қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, авваллари ноябрь ойи совуқ келмаган. Бу йил ушбу ой охири жуда совуқ келди. Хабарингиз бор, қаттиқ совуқ туфайли “Тўрақўрғон ИЭС”да авария ҳолати юз берди. Мутахассисларимиз қисқа муддатда уни ишга туширишга муваффақ бўлди. Айни шу омилларни ҳам муаммоларга сабабдир. Истеъфо масаласига келсак, ҳар бир раҳбар бунга тайёр. Лекин масаланинг ечими бу эмас. Агар ҳамма ишдан кетаверса, ишни ким қилади. Қанчалик қийин бўлмасин, ҳамма ўз вазифасини бажариш шарт.
Кейинги пайтда узилишлар тизимли авария бўлганлигидан. Лекин ҳозир керакли захира яратилган. Муаммони икки-уч соатда ҳал қилиш ходимларнинг ўз ишида бўлишидан. Бундан кейин вазият яхшиланади, - деб жавоб берди журналистларнинг саволига Энергетика вазири.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электр энергияси учун 3 йилдан буён тўловни амалга оширмаган истеъмолчилар сони 361 минг 185 нафарга етган. Шундан қарздорлари 283 489 нафарни ташкил этмоқда. Жумладан:
▪️Самарқанд вилоятида – 46 158 нафар;
▪️Тошкент вилоятида – 45 685 нафар;
▪️Фарғона вилоятида – 28 770 нафар;
▪️Андижон вилоятида – 26 867 нафар.
Мамлакатимизда электр энергиясидан умумий қарздорлик 3,5 триллион сўмни ташкил қилмоқда, шундан аҳолининг қарздорлиги эса 2,4 триллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда. Жумладан:
▪️Самарқанд вилояти – 646 млрд. сўм.
▪️Навоий вилояти – 410 млрд. сўм.
▪️Андижон вилояти – 273 млрд. сўм (шундан 247 млрд сўми аҳоли қарздорлиги).
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА.