Сўнгги пайтларда энергетика ва ёқилғи таъминоти соҳасида аниқланаётган қоидабузарликлар нафақат иқтисодий, балки жамоат хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда. “Ўзэнергоинспекция” томонидан мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида олиб борилган назорат ишлари давомида ёқилғи сифати, газ инфратузилмаси ҳолати ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу эса масъул идоралар фаолиятини кучайтириш, айрим хўжалик юритувчи субъектларга эса кескин чора кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.
Жиззах вилоятида Зомин туманида жойлашган “A.O.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли АЁҚШда АИ-92 маркали автобензин сифати давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Лаборатория таҳлиллари натижасида унинг сифати паст экани тасдиқланди. Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли қонуни 43-моддасига мувофиқ, мазкур ҳолат учун 39,1 миллион сўм миқдорида иқтисодий санкция қўлланилди. Шунингдек, қолдиқ ҳолатда сақланаётган сифати паст бензинни сотувга чиқармаслик ва унинг сифатини тиклаш бўйича кўрсатма берилди.
Наманган вилоятида “Ўзэнергоинспекция” томонидан газ қувурлари ва газ тақсимлаш қурилмаларининг техник ҳолати ва уларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари кўрикдан ўтказилди. Ўрганишлар жараёнида 102 та газ тақсимлаш пунктидан 31 тасида техник камчиликлар аниқланди. Жумладан, Уйчи ва Тўрақўрғон туманларидаги 3 та юқори босимли газ тақсимлаш қурилмасида байпас тармоғи муҳрланмаган, кириш-чиқиш нуқталардаги манометрлар эса давлат қиёслов кўригидан ўтказилмагани маълум бўлди. Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли масъулларга камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Андижон вилоятидаги насос станцияларида эса катта миқдордаги молиявий қоидабузарликлар аниқланди. Избоскан туманида жойлашган Насос станциялари энергетика бошқармаси истеъмол қилинган электр энергияси учун ҳақиқий кўрсатгичлар асосида ҳисобот тақдим этмасдан, ноқонуний фойдаланиб келган. Бошланғич ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳолат туфайли электр таъминоти корхонасига 352,5 миллион сўм зарар етказилган.
Шунга ўхшаш ҳолат Балиқчи туманидаги "Сирмоқ" маҳалласида жойлашган насос станциясида ҳам кузатилиб, 121,4 миллион сўм миқдорида зарар келтирилгани аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, соҳадаги масъул ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, қонунбузарликларни олдини олиш ва энергетик хавфсизликни таъминлаш юзасидан профилактик чора-тадбирларни кенгайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА