Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков бошчилигида энергетика тизимини тартибга солиш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалалари бўйича Республика штабининг навбатдаги йиғилиши бўлди.
Йиғилишда газ ва электр муаммоси бўйича қонунбузилишга йўл қўйганларга кескин чоралар кўрилаётгани айтилди.
Хусусан, Администрация раҳбари Сардор Умурзаков қонунбузилишга ва масъулиятсизликка йўл қўйган соҳа раҳбарларидан айримларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва қамоққа олинганини маълум қилди.
Шунингдек, Республика штаби йиғилишида энергия ресурслари билан таъминлаш соҳасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев айрим маълумотларни очиқлади.
Бош прокурорнинг маълум қилишича, «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Тошкент вилояти бўйича таркибий бўлинмаси бўлган «Ҳудудгаз Тошкент» филиали директори Музаффар Алиевга нисбатан жиноят иши очилган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Шунингдек, Бош прокурорнинг маълум қилишича, «Янгийўл тумангаз» раҳбари Умид Тўйчиев ва «Гулистон туман электр тармоқлари корхонаси» собиқ раҳбари Фурқат Шодмонқуловга ҳам жиноят иши очилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
«Агар бошқа ҳудудлардаги масъуллар ҳам бундан тўғри хулоса чиқармаса ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйса, уларга ҳам, албатта худди шундай жиноий иш қўзғатилади», деди Сардор Умурзаков.
Мамлакатимизда энергетика тизимини тартибга солиш юзасидан камчилик ва масъулиятсизликка йўл қўйган мутасаддилар огоҳлантирилмоқда.
ЎзА