Энергетика ислоҳоти янги босқичда: стратегик тадқиқот натижаси тақдим этилди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтида Ўзбекистон энергетика хавфсизлигига бағишланган якуний ҳисобот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Ниппон жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилган тадқиқот натижаси ҳамда лойиҳа монографияси тақдим этилди. Мамлакатимиз энергетика тизимидаги трансформация жараёни, барқарор ривожланиш ва минтақавий ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинган мазкур анжуманда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Очилиш сессиясида сўзга чиққан мутасаддилар энергия манбаларини диверсификация қилиш, инфратузилмани модернизациялаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш эканини таъкидлади. Лойиҳа раҳбари Ҳаётжон Ибрагимов тадқиқотнинг миллий энергетика сиёсатидаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Шўъба йиғилишларида ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси, тариф сиёсати, инвестиция, қайта тикланувчи энергия ва атом энергетикаси масалалари атрофлича таҳлил қилинди. Марказий Осиё энергетика бозори интеграцияси, хусусан Афғонистоннинг транзитдаги роли ва трансчегаравий ҳамкорлик истиқболи ҳам муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, сув-энергетика боғлиқлиги ва иқлим ўзгариши таъсири билан боғлиқ долзарб хатарлар ҳам кўриб чиқилди. Мутахассислар минтақавий барқарорлик учун ресурсларни биргаликда бошқариш муҳимлигини қайд этди.
[gallery-28704]
Анжуман якунида Ўзбекистон ва Марказий Осиёда энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, тизимни диверсификация қилиш ҳамда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш йўлида таҳлилий ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Мусулмон Зиё,
Фарход Абдурасулов (сурат), ЎзА