Маълумки, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро электрон платформаси ишга туширилди.
Эндиликда янги қурилиб фойдаланишга топширилаётган кўп квартирали уй-жойлардаги лифт ускуналарини давлат рўйхатидан ўтказиш “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро платформа орқали амалга оширилади. Бордию, ушбу платформа орқали давлат рўйхатидан ўтказилмаса янги қурилган кўп квартирали бино фойдаланишга қабул қилинмайди.
Шу ўринда савол туғилади. Платформанинг ишлаш тартиби қандай бўлади?
Бу саволга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов куйдагиларни маълум қилди.
– Дастлаб, буюртмачи тизимдан рўйхатдан ўтади. Лифтларнинг керакли ҳужжатларини, яъни сертификат, паспорт, далолатнома, лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилот билан тузилган шартномаларни юклайди ва ариза юбориш тугмасини босади. Ариза Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг ҳудудий бўлимларига келиб тушади ва у ўз навбатида мутахассисга юборилади.
Юкланган ҳужжатлар билан танишгач, мутахассис, локацияни лифт турган жойга чиққан ҳолда белгилайди. Агар лифт белгиланган талаблар асосида, яъни кузатув камераси, икки томонлама овоз кучайтиргич, диспетчерлик марказларига уланган ва ARD қурилмаси билан жиҳозланган бўлса қабул қилиш тугмасини босади.
Агарда тизимга юкланган ҳужжатларда ёки белгиланган талаблар бажарилмаган бўлса, мутахассис рад этиш тугмасини босади ва тизим аризани автоматик тарзда буюртмачига юборади.
Мутахассис қабул қилиш тугмасини босгандан сўнг, ушбу ҳужжат Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига келиб тушади ҳамда масъул ходим томонидан давлат рўйхатига киритилгач, буюртмачига QR-кодли маълумотнома юборилади. Буюртмачи мазкур QR-кодларни белгиланган тартибда лифтдан фойдаланувчиларга кўринарли ҳолда лифтнинг кабина қисмига ўрнатиб қўйиши талаб этилади. Лифтдан фойдаланувчилар мазкур QR-кодни телефон қурилмаси орқали сканер қилганда ушбу лифт тўғрисидаги маълумотлар акс этиши лозим. Бунда лифт ким томонидан ўрнатилгани, қайси ташкилот томонидан хизмат кўрсатилиши, охирги марта ўтказилган техник кўрик натижалари, ўрнатилган йили каби маълумотлар намоён бўлади.
Шунингдек, платформада лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг реестри ҳам юритиб борилади.
Мазкур реестрга Лифтга хизмат кўрсатувчининг лифтларни ўрнатиш ва таъмирлаш фаолияти учун олган рухсатномасининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, унинг амал қилиш муддати киритилган бўлиши керак. Шунингдек, лифтларга хизмат кўрсатувчи мутахассислар тўғрисида маълумотлар киритилиши зарур.
Келгусида “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро платформаси орқали республикадаги кўп қаватли уй-жойлардаги барча лифт ускуналарини реал вақт режимида кузатиб бориш имкони яратилади.
Ш. Маматуропова,
ЎзА