🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Энди таълим кредитлари янада фойдали

Энди таълим кредитлари янада фойдали
Жамият
Танлаш
17:00 / 04.08.2021

Президентимизнинг 2021 йил 30 июлдаги “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча олий таълим ташкилотлари таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади.

У бу турдаги кредитларни олиш ва қайтариш  муддати ва тартибини ўзгартиришни кўзда тутади. Хусусан, таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади. Янги қоидаларга кўра, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

Таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага Давлат бюджетидан 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағлар ажратилади.  

Вазирлар Маҳкамаси таълим кредитлари бўйича юзага келадиган кредит таваккалчилигини Молия вазирлиги ва тижорат банклари ўртасида тақсимлаш ҳамда жамғармадан ажратилган маблағларнинг бир қисмини тижорат банклари томонидан гаров депозити сифатида қабул қилишни назарда тутувчи   таълим кредитларини ажратиш тўғрисидаги низомни тасдиқлайди. Низом билан жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда тижорат банкларига қўйиладиган мувофиқлик мезонлари ўрнатилади.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА

Муаллиф: romanbondarchuk