Энди тадбиркор билан шунчаки "мулоқот" қила олмайсиз
Нафақат текширувлар, балки оддий мулоқот ҳам рақамли тизимга киритилади.
Юртимизда бизнес вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида муҳим лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-63-сон Фармони билан тасдиқланган "Йўл харитаси" ижросини изчил таъминлаш мақсадида яратилди.
Лойиҳани ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад нима?
Амалиёт таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, тадбиркорлар фаолиятига аралашувларнинг салмоқли қисми расмий текширув сифатида эмас, балки "ишчи гуруҳ", "ўрганиш", "мониторинг" ёки "тушунтириш ишлари" каби шаклларда амалга оширилмоқда.
Бундай тадбирлар тизимда рўйхатга олинмагани сабабли, уларнинг қонунийлигини баҳолаш ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини таъминлаш имкони бўлмаётган эди.
Шу боис, лойиҳанинг бош мақсади — давлат органлари томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай таъсир чорасини, ҳатто у назорат тадбири ҳисобланмаса ҳам, мажбурий тартибда рақамли ҳисобга олиш ва назорат қилишдир.
Бу орқали:
—Тадбиркорлик фаолиятига ҳар қандай асоссиз ва норасмий аралашувларнинг олди олинади;
—Давлат хизматчилари фаолияти устидан жамоатчилик ва институционал назорат кучайтирилади;
—Инсон омили билан боғлиқ коррупциявий хавфлар кескин қисқартирилади.
Исмоил Сайитов,
Бизнес омбудсман девони етакчи инспектори