“Ар-Рўъя” нашри мухбири Иброҳим Ал-Ҳодий Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Ўмон фуқароларининг мамлакатимизга кириши тартибини осонлаштиргани, хусусан мазкур араб давлати фуқаролари учун 30 кун мобайнида юртимизда визасиз юриш қоидаси жорий этилаётганига эътибор қаратган.
– Икки томонлама муносабатни янада яхшилаш, сайёҳлик ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракат доирасида ташланган бу қадам ўзаро чуқур тарихий алоқалар, мустаҳкамланиб бораётган дўстликни англатади, – дейди муаллиф. – Ушбу имтиёз жорий йил 1 июндан кучга киради.
– Ўзбекистон ўмонлик биродарлар бой маданий ва тарихий обидаларимиз, анъанавий меҳмондўстликдан ташқари ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган обидаларимизни кашф этишлари учун кенг имконият яратади, – дейди Элчи Абдусалом Ҳотамов. – Кейинги босқичда маданий ва иқтисодий алмашинувни чуқурлаштириш мақсадида туризм кўргазмалари, иқтисодий форумлар, Ўмон сайёҳлик агентлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун танишув ташрифлари каби қўшма тадбирлар уюштирамиз. Авиация соҳасида “Oman Air”ни рўйхатдан ўтказиш жараёни якунланди, Масқат ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсни йўлга қўйишга тайёргарлик кўряпмиз. Бизнинг “Centrum Airlines” компаниямиз эса Салалоҳ шаҳрига мавсумий рейслар амалга оширмоқда. Бу чора-тадбирлар ўзаро саёҳатни осонлаштиради, туризмни рағбатлантиришга хизмат қилади.
М.Пирматова, ЎзА