Элит ОЧЛ: «Пахтакор» — «Ал-Наср» учрашуви 4-тур ўйинларини бошлаб беради
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи 4-тур учрашувлари бугун старт олади. Турнирнинг илк кунги баҳсларида олтита учрашув бўлиб ўтади.
Ўзбекистонлик футбол мухлислари эътибори, аввало, турнинг илк баҳси — «Пахтакор» ва Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клублари ўртасидаги учрашувга қаратилади. Беллашув бугун соат 18:45 да Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бошланади.
Пойтахтимиз жамоаси Осиёнинг номдор клубларидан бирига қарши майдонга тушади. Шу муносабат билан мазкур жамоалар ўртасидаги ўзаро учрашувлар статистикасига назар ташлашни лозим топдик.
«Пахтакор» ва «Ал-Наср» клублари Осиё чемпионлар лигаси доирасида шу кунга қадар икки марта куч синашган. 2011 йилда ўтказилган баҳсларнинг Тошкентдагиси 2:2 ҳисобида якунланган бўлса, Риёддаги ўйинда мезбонлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Айни пайтда «Ал-Наср» таркибида Криштиану Роналду, Садио Мане, Жоау Феликс, Кингсли Коман, Анжело Коста ва бошқа таниқли футболчилар тўп сурмоқда. Аммо бугунги ўйинда кўпчилик мухлислар кутган Роналду иштирок этмайдиган бўлди.
Осиё футбол конфедерацияси мазкур баҳсни бошқаришни австралиялик ҳакам Алекс Кингга ишониб топширди. Унга қанотларда ҳамюртлари Эндрю Мемаракис ва Керни Робинсон ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифасини Зинедин Саяджум бажаради. Видеотакрорлар тизими (VAR) учун Шон Эванс масъул этиб белгиланган бўлиб, унга Брэдли Райт кўмаклашади.

Бугун яна бир клубимиз — «Нефтчи» ҳам навбатдаги учрашувини ўтказади. Фарғоналиклар сафарда Эроннинг «Трактор» клубига қарши баҳс олиб боради. Учрашув Ўмон пойтахти Маскат шаҳридаги «Султон Қобус» спорт мажмуаси стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.
Ушбу учрашувни Жанубий кореялик ҳакам Чой Хён Жай бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Жанг Жунг Пил ва Чун Жин Хи ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифасини Чхэ Сан Хёп бажаради. VAR тизимига Ким Вусонг масъул этиб тайинланган бўлиб, унга Чой Чул Жун кўмаклашади.

4-турнинг бугунги дастуридан яна бир қатор қизиқарли учрашувлар ўрин олган. Жумладан, соат 21:00 да «Ал-Васл» — «Эйр Форс» ҳамда «Ал-Садд» — «Ал-Аҳли» баҳслари бошланади. Соат 23:15 да эса «Ал-Гарафа» — «Ал-Қодисия» ва «Ал-Иттиҳод» — «Ал-Айн» жамоалари майдонга тушади.
Эртага, 3 ноябрь куни соат 21:00 да «Истиқлол» — «Ал-Шамол», соат 23:15 да эса «Ал-Ҳилол» — «Шабаб Ал-Аҳли» учрашувлари ўтказилади.
Дарвоқе, Элит Осиё чемпионлар лигаси мусобақасининг Ғарбий минтақасидаги 4-тур учрашувларида ўзбекистонлик ҳакамлар ҳам фаолият олиб боради.
Жумладан, 2 ноябрь куни «Ал-Садд» ва «Ал-Аҳли» клублари ўртасидаги учрашувни Ильгиз Танташев бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Унга қанотларда Андрей Сапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради. Акобирхўжа Шукуруллаев захира ҳаками вазифасини бажаради. VAR тизимига Ахрол Рисқуллаев, унинг ёрдамчиси (AVAR) сифатида эса Алишер Усмонов масъул этиб белгиланган.

3 ноябрь куни «Истиқлол» ва «Ал-Шамол» жамоалари ўртасидаги баҳсда эса Аскер Нажафалиев бош ҳакам сифатида иш олиб боради. Унга Бахтиёрхўжа Шавкатов ва Руслан Серазитдинов ёрдам беради. Рустам Лутфуллин захира ҳаками вазифасини бажаради.
Мазкур учрашувда VAR тизими учун Фирдавс Норсафаров, AVARда Абдурашид Худойберганов масъул этиб тайинланган.
Ғарбий минтақада 3-тур учрашувлари якунларига кўра, БААнинг «Ал-Айн» клуби учта ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Шабаб Ал-Аҳли» ҳам 9 очко жамғарган бўлиб, тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринда бормоқда.
Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» (Жидда) клуби 7 очко билан учинчи поғонани эгаллаган. Эроннинг «Истиқлол» ҳамда Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоалари 6 очкодан жамғариб, тўртинчи ва бешинчи ўринлардан жой олган.
Кейинги ўринларда «Ал-Шамол» ва «Ал-Қодисия» 5 очкодан, «Ал-Иттиҳод» эса 4 очко билан бормоқда. «Ал-Наср», «Нефтчи» ва «Эйр Форс» жамоалари ҳисобида 3 очкодан мавжуд.

«Пахтакор» учта учрашувда икки бор дуранг ўйнаб, бир марта мағлуб бўлган. Тошкент клуби 2 очко билан 12-ўринни эгаллаб турибди. «Трактор» ва «Ал-Садд» бир очкодан жамғарган. «Ал-Гарафа» ҳамда «Ал-Васл» эса ҳозирча очко тўплай олмаган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 3-тур доирасида ўтказилиши керак бўлган «Ал-Наср» — «Ал-Васл» учрашуви Осиё футбол конфедерацияси томонидан кейинги муддатга қолдирилган. Шу сабабли ҳар икки клуб турнир жадвалида ҳозирча биттадан кам ўйин ўтказган. Мазкур баҳсдан кейин жамоаларнинг ўрнида ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА