Электротехника саноати: Кореяда Ўзбекистон кадрлари шаклланмоқда
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ташаббуси билан Кореянинг "MetaOnTech" компанияси, "Soongsil" ва "Hoseo" университетлари ҳамкорлигида икки ойлик халқаро малака ошириш курси ташкил этилди. Саралаб олинган 20 нафар ўзбекистонлик профессор-ўқитувчи, муҳандис ва тадқиқотчи Кореяга етиб келди ва улар учун машғулотлар бошланди.
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасидаги бизнес-форумда ярим ўтказгичлар ва микроэлектроника соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганди. Бу борада қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда кадрлар тайёрлаш ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида кўрсатилди. Ушбу йўналишда натижага эришиш учун мутахассислар тайёрлаш муҳим. Кореяда машғулотларни бошлаган иштирокчилар интеграл схемаларни лойиҳалаш ва яримўтказгич маҳсулотларини йиғиш, қадоқлаш ҳамда синовдан ўтказиш бўйича билим олмоқда.
Айтиш керакки, Корея яримўтказгичлар ва электроника соҳасида таълим, тадқиқот ва ишлаб чиқариш тажрибасини бирлаштирган мамлакатлардан бири. Шу боис ҳамкорлик дастури учун айнан шу ердаги университетлар ва соҳа компанияси танланди. Ўқув жараёнида олинган билимларни кейинчалик Ўзбекистон таълими ва саноатига татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.
– “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ташаббуси билан “MetaOnTech”, “Soongsil” ва “Hoseo” университетлари ҳамкорлигида тузилган келишувга асосан ташкил этилган курс икки ой давом этади, – дейди “MetaOnTech” компанияси бош директори Конг Дай Бонг. – Курс тингловчилари “IC Design” интеграл схемаларни лойиҳалаш ва “APT” йиғиш, қадоқлаш ҳамда синовдан ўтказиш йўналишларида ўқийди. Дастур дастлабки кадрлар базасини шакллантиришга қаратилган. Профессор-ўқитувчилар олган билимларини келгусида талабаларга етказиши, муҳандис ва тадқиқотчилар эса уларни келгусида амалий ишланмаларда қўллаши кўзда тутилмоқда.
Иштирокчиларнинг “Fabless” компаниялари иш услуби билан танишиши соҳа бўйича кейинги амалий мулоқотларга замин яратиши мумкин. Дастур натижалари ҳақида ўқиш якунлангач хулоса қилиш мумкин бўлади. Ҳозирги асосий вазифа — машғулотларда олинган билимларни қайд этиш, уларни ўзбекистонлик талабалар ва муҳандисларга етказиш усулларини тайёрлаш.
Албатта, бу лойиҳа ишнинг бошланиши, ҳали яна 100 нафар мутахассис Кореянинг турли ҳудудларидаги таълим муассасалари ва “Fabless” компанияларида малака ошириш имкониятига эга бўлади.
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА