“Rho Motion” халқаро таҳлил маркази маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида жаҳон бўйича 4,1 миллиондан ортиқ электромобиль сотилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга кўпдир. Хитой (2,4 миллион, +36%) дунёдаги энг катта улушни сақлаб турибди, ундан сўнг Европа (0,9 миллион, +22%) ва Шимолий Америка (0,5 миллион, +16%).
“Rho Motion”нинг баҳолари соҳада йўналтирувчи мезон сифатида қабул қилинади ва улар кўплаб давлатлар ҳамда йирик саноат гуруҳлари томонидан стратегик қарорлар қабул қилишда кенг қўлланилади. 2025 йилнинг биринчи чорагида бозор бироз беқарор шароитда бўлса-да, ўсишни давом эттирмоқда. Буюк Британияда март ойида рекорд даражада – 100 мингдан ортиқ электромобиль сотилган. Францияда эса ҳукумат субсидияларини бекор қилганидан сўнг, савдолар 18 фоизга пасайган. Бу ҳолат бозорнинг давлат қўлловига қанчалик боғлиқ эканини кўрсатади. АҚШда импорт автомобиллар ва эҳтиёт қисмларига қўшимча 25 фоизлик бож жорий қилингани туфайли нархлар ва бозор кутилмаларига босим кучаймоқда.
Бугунги бозордаги вазият нафақат давлат субсидиялари сиёсати, балки ишлаб чиқариш географияси билан ҳам узвий боғлиқ. Шу сабабли, аккумуляторлар ва уларнинг асосий компонентларини маҳаллий ишлаб чиқариш масаласи стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу масала, жумладан, яқинда Тошкентда ўтказилган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмасида ҳам муҳокама қилинди. Унда “Росатом” таркибидаги энергия тўплаш тизимлари бўйича интегратори “РЭНЕРА” компаниясининг сотувлар бўйича директори ўринбосари Александр Павлюк иштирок этиб, ўз фикрларини билдирди.
Павлюкнинг таъкидлашича, Россия фақат аккумулятор батареяларини йиғиш эмас, балки ишлаб чиқаришнинг барча асосий босқичларини, энергия сақловчи элементдан тортиб тайёр аккумулятор тизимини ўз ҳудудида жорий этишга катта эътибор қаратяпти. Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда Россияда қуввати 4 ГВт бўлган иккита янги завод фаолият бошлаши кутилмоқда. Бу каби лойиҳалар МДҲ ҳудудида илк бор амалга оширилади. Янги корхоналарда ишлаб чиқариш жараёни аккумулятор тизимининг энг қиммат қисми, яъни энергия сақловчи элементидан бошланади.
Мутахассис қайд этганидек, аккумулятор технологиялари соҳасида мустақилликнинг аҳамияти муҳим. Бугунги кунда катод материалларининг 70 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилади. Бу эса бошқа мамлакатлар учун муайян хавфлар ва қарамликни юзага келтиради. Мазкур вазиятга жавобан “Росатом” давлат корпорацияси томонидан литий қазиб олиш, катод ва анод материаллари ҳамда сепараторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга ҳаракат қилинмоқда. Ушбу фаолият Россия, Боливия ва Африкадаги қатор лойиҳаларни ўз ичига олади.
“РЭНЕРА” вакили халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида фикр билдирар экан, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган қизиқишини алоҳида таъкидлади.
– Электр транспорт саноатини ривожлантириш давлат қўллови ва яхлит тизимли ёндашув асосида амалга ошиши мумкин. Мутахассиснинг фикрича, аккумулятор технологиялари бўйича илмий ва ишлаб чиқариш базасини ярата олган мамлакатлар электромобилларни импорт қилиш билан чекланиб қолмай, ўз қўшимча қиймат занжирини шакллантиради. Компаниямиз Яқин Шарқ мамлакатларида модуллар йиғилишини маҳаллийлаштириш ҳамда шунга ўхшаш заводлар лойиҳалаш ва қурилишида кўмаклашиш бўйича шартномалар имзолаган. Биз Ўзбекистон бозоридаги шиддатли ўсиш туфайли технологиялар алмашинуви ва салоҳиятни биргаликда ривожлантиришга тайёрмиз, –деди А.Павлюк.
Жаҳон тажрибаси ва халқаро ҳамкорлар амалиёти шундан далолат берадики, электр транспортга ўтиш фақат экологик зарурат эмас, балки саноатни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги стратегик вазифа ҳисобланади. Технологик ҳамкорликни чуқурлаштириш ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш Ўзбекистоннинг глобал энергетика муҳитидаги позициясини мустаҳкамлашда муҳим омилдир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА