2024 йил 9 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан тасдиқланган қоидаларга кўра, тақсимлаш электр тармоқларидан оқилона ва шаффоф фойдаланиш орқали барча иштирокчиларга тенг шарт-шароитлар яратилади. Шунингдек, тақсимлаш тизимини хавфсиз ва ишончли эксплуатация қилиш ҳамда уни ривожлантириш, якуний истеъмолчилар электр таъминотининг ишончлилиги ва барқарорлигини таъминлаш каби қатор масалалар ушбу ҳужжатда ифода этилган.
Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур қарор ижроси узилишларнинг олдини олиш ҳамда электр энергияси сифатини таъминлаш, истеъмолчиларнинг талабига жавоб берадиган электр энергиясини етказиб беришдаги муносабатларни тартибга солади.
Унда тармоққа уланишга нисбатан қўлланиладиган қоидалар, тизимни тартиблаштириш бўйича зарур шартлар ва тартиб-таомилларни, кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини тақсимлаш тизимига интеграция қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳамда фавқулодда вазиятларда тизим ишончлилигини таъминлаш мезонлари белгиланган.
Тизимда ақлли тармоқлар ва замонавий инфратузилмани яратиш учун янги технологиялар ва инновацияларни жорий этиш юзасидан умумий талабларни ўрнатиш ҳам кўрсатилган.
Мазкур қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан Халқаро молия институтлари ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА