Қарор ва ижро
Кейинги бир ой ичида Тошкент шаҳри туманларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Об-ҳавонинг кескин исиб кетиши ва бу пайтда тез-тез таъминотдаги узилишлар истеъмолчилар учун ноқулайликлар туғдираётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
ЎзА мухбирининг “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Фахриддин НУРАЛИЕВ билан суҳбати айнан шу ҳақда бўлди.
– Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар кузатилмоқда. Бунга асосий сабаб нима?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартда “Тошкент шаҳри истеъмолчиларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, айни кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан Тошкент шаҳри аҳолисини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида паст кучланишли электр тармоқлари, трансформатор пунктларини янгилаш ва модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаганингиздек, сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотида узилишлар бўлаяпти. 14 июнь куни ҳам телеграмм каналимизда пойтахдаги тўртта туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча тўхтатилиши ҳақида истеъмолчиларни огоҳлантириш мақсадида хабар бердик.
Бунинг сабабларига тўхталадиган бўлсак, аввало, Президентимизнинг мазкур қарори асосида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўлса, иккинчидан, бу борадаги ишларни хавфсиз бажариш, яъни тезкор бригадалар, қолаверса, ишчи-ходимларимиз ишлаётган пайтда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудларда электр тармоқларини режавий ўчиришга мажбурмиз. Амалга оширилаётган ишларни истеъмолчиларимиз пойтахтимизнинг кўпгина жойларида ерлар кавланиб, кабеллар ўтказилаётганидан ҳам англаётган бўлса керак.
– Бундай юқори ҳарорат кузатилаётган пайтда модернизация ишларини бажариш қанчалик тўғри?
– Дарҳақиқат, бу каби аномал иссиқ об-ҳаво шароитида электр энергиясига талаб ортади, чунки ижтимоий объектлардан тортиб аҳоли хонадонлари, қолаверса, ташкилот ва идораларда совитиш тизимлари тўхтовсиз ишлаб туриши муҳим. Бироқ юқорида таъкидланганидек, қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш, жорий куз-қиш мавсумига кўнгилдагидек тараддуд кўриш муҳим масала ҳисобланиб, бунда ҳар бир кун ғанимат эканлигини унутмаслигимиз керак. Шу боис, айни иссиқ кунларда ҳам ходимларимиз кечаю кундуз меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, 14 июнь куни пойтахтимиздаги “Хадра” подстанцияси тунги вақтда, яъни соат 01:00 дан соат 03:00 гача ўчирилиб, аҳолининг ушбу вақт оралиғида электр энергияси манбасига эҳтиёжи камайишини ҳисобга олган ҳолда модернизация ишларини бажаришга муваффақ бўлдик.
<iframe width="1903" height="760" src="https://www.youtube.com/embed/H7VizkVIm84" title="Электр энергия таъминотида нима учун тез-тез узилишлар кузатилмоқда?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз қарорига асосан Тошкент шаҳрида жорий йилда 903 километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пунктини янгилаш ва модернизация ишлари белгиланган. Шу кунга қадар пойтахтимизда 903 километрдан ортиқ масофадаги электр узатиш тармоқлари янгиланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ортиқча юклама билан ишлаётган Юнусобод туманидаги “Юнусобод”, Олмазор туманидаги “Сағбон”, Мирзо Улуғбек туманидаги “Ботаника”, Миробод туманидаги “Қўқон” подстанцияларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Мазкур подстанциялардаги мавжуд куч трансформаторлари юқори қувватлисига алмаштирилиши ҳисобига 179 мегаватт қўшимча қувват яратилиши ва натижада қарийб 20-22 минг аҳоли ва юридик истеъмолчиларнинг электр энергияси яхшиланишига эришилади.
– Президентимиз қарори асосида амалга оширилаётган модернизация ишлари қачон якунига етказилади?
– Аслида ҳам истеъмолчиларнинг талаби шу. Негаки, барқарор энергия бугун ҳар кунгидан ҳам зарур. Мазкур қарор бўйича барча белгиланган километрларда ишлар бажарилди. Транформаторлар янгиланиб, монтаж ишлари олиб борилмоқда. Тез кунларда бу ишлар ўз якунига етказилади.
Қўшимча тарзда шуни айтиш керакки, Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида капитал таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилади ва жорий йилнинг 1 августига қадар бажарилади.
– Модернизация жараёнларида йўллар ва йўлакларда қазиш ишлари ҳам олиб борилган. Барча ишлар якунида йўллар ва йўлаклар таъмири қайси ташкилот томонидан амалга оширилади?
– Тўғри, кейинги пайтларда бу ҳақда мурожаатлар келиб тушмоқда. Йўллар ва йўлаклардаги қазиш ишлари фуқароларга ҳам, автомобилларнинг ҳаракатланиши учун ҳам ноқулайликлар туғдирмоқда. Бироқ бу ишлар лойиҳа асосида ташкил этиляпти.
Шу сабабли, барча ишлар тўлиқ якунлангандан сўнг “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда йўллар ва йўлаклар аввалги ҳолатига келтирилади.
Юқоридаги ишларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш мақсадида Тошкент шаҳрининг баъзи маҳалла ва кўчаларидаги истеъмолчиларни турли вақт оралиғида электр энергияси таъминотидан вақтинча ажратишга тўғри келмоқда. Шу ўринда вужудга келаётган бу каби вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.