Қарши шаҳридаги журналистлар уйида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қашқадарё ҳудудий филиали раҳбари Анвар Музапов иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қашқадарё ҳудудий филиали томонидан вилоятдаги 819 та маҳалладаги 707 минг аҳоли ва 52 мингта юридик истеъмолчига 182 дона подстанция, 29 минг километр электр узатиш тармоғи ва 10 минг 673 дона трансформатор орқали электр энергияси етказиб берилмоқда.

Бугунги кунда вилоятнинг бир кунлик электр энергияси истеъмоли 21,2 миллион кВт.соатни ташкил этмоқда. 2023-2024 йиллар қиш мавсумини яхши ўтказиш ҳамда аҳолига электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш мақсадида 2974,2 километр электр узатиш тармоғи ва 1 минг 46 дона трансформатор мукаммал таъмирланди. Шунингдек, 685 километр тармоқ ва 312 дона трансформатор янгидан қурилди.
Бундан ташқари, Деҳқонобод туманидаги подстанциясига қўшимча 10 МВАли куч трансформатори ўрнатилди. Кўкдала туманидаги “Чиял” подстанциясининг 4 МВАлик куч трансформатори 10 МВАли куч трансформаторига, Шаҳрисабз шаҳридаги “Шаҳрисабз” подстанциясининг 16 МВАлик куч трансформатори 25 МВАли куч трансформаторига, Китоб туманидаги “Улуғбек” подстанциясининг 10 МВАлик куч трансформатори 16 МВАли куч трансформаторларига алмаштирилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 258 та маҳалладаги 110 минг нафардан ортиқ аҳоли хонадонларига, 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилаётган электр энергиясининг сифати яхшиланди. Қиш мавсумида электр энергиясининг истеъмоли ортиши натижасида тармоқларда, тақсимлаш пунктларида юзага келиши мумкин бўлган узилишлар ва аварияларнинг олдини олиш мақсадида 91дона ҳар хил қувватдаги трансформатор, трансформатор мойи, сим, кабель, темир-бетон устунлар, ҳар хил изоляторлар, автомат ва рубильниклар ҳамда бошқа электр қурилмалари захираси яратилди.

Бундан ташқари, 624 нафар мутахассисдан иборат 104 та таъмирлаш бригадаси ташкил этилди. Уларга 29 та махсус техника ва 58 та автомашина жалб этилди. Иқтисодиёт тармоқлари, саноат корхоналари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини мавсум давомида электр энергияси билан барқарор таъминлаш бўйича филиал ва унинг таркибидаги электр таъминоти корхоналарида раҳбар ҳамда масъул ходимлардан иборат туну-кун ишловчи штаб (навбатчиликлар) фаолияти ташкил этилди. Вилоят штабининг телефон рақамлари, САLL CENTRE хизмати, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан мулоқот телеграмм канали йўлга қуйилган.
Шунингдек филиал раҳбари Анвар Музапов маърузаси сўнгида аҳолини электр энергиясидан оқилона ва тўғри фойдаланишга, унинг беҳуда сарфланишига йўл қўймасликка, фойдаланилган электр энергияси тўловларини ўз вақтида тўлаш орқали электр қувватининг узлуксиз таъминланишига ўз ҳиссасини қўшишга чақирди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири