Авлодлар қўлида сайқал топган санъат
Марғилон азалдан ипакчилик ва абрбандлик санъати билан донг таратган. Бу қадимий ҳунар анъаналарини асраб-авайлаш, миллий матоларнинг унутилаёзган намуналарини қайта тиклаш ва келгуси авлодларга етказишда марҳум уста Турғунбой Мирзааҳмедов асос солган ҳунармандлар сулоласининг муносиб ҳиссаси бор.
Сулола вакиллари кўп йиллардан буён анъанавий ипакчилик ва абрбандлик санъатини ривожлантириб, миллий матоларнинг қадимий намуналарини қайта тиклаш билан шуғулланиб келмоқда. Хусусан, «аъло бахмал» сингари ноёб мато турларига қайта ҳаёт бахш этилгани уларнинг бу борадаги изланишлари самарасидир.
Бугунги кунда сулола анъаналарини Расулжон Мирзааҳмедов ва унинг ўғли Абдулло Мирзааҳмедов давом эттирмоқда. Улар ипак толасини табиий ўсимлик ва минерал бўёқлар билан бўяш, анъанавий усулда нақш солиш ҳамда мато тўқишнинг нозик сирларини пухта эгаллаган. Бу жараёнларда қадимий технологиялардан фойдаланилиши миллий матоларнинг ўзига хослиги ва асл хусусиятларини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
Ҳунармандлар томонидан «Кўзача», «Танга», «Чаён», «Тумор» каби юздан ортиқ анъанавий ва замонавий нақш намуналари яратилган ҳамда қайта тикланган. Сулола усталари тайёрлаётган ипак ва адрас матолари нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак қадрланмоқда. Уларнинг ижод намуналари АҚШ, Италия ва Буюк Британияда ўтказилган халқаро мода ҳафталиклари ва нуфузли кўргазмаларда намойиш этилган.
Миллий матоларни қайта тиклаш ва анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги меҳнати халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган сулола вакиллари ёшларга ҳунар ўргатишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жумладан, сулола давомчиси Абдулло Мирзааҳмедов Марғилон шаҳридаги Саид Аҳмадхўжа эшон мадрасасида жойлашган Миллий ҳунармандчилик марказида фаолият юритмоқда. Бу ерда тўқувчилик, гиламчилик, читгарлик ва каштачилик йўналишларида устахоналар ташкил этилган.
[gallery-32102]
Марказда йўлга қўйилган «Уста-шогирд» анъанаси асосида ёшларга миллий ҳунармандчиликнинг нозик сирлари ўргатилмоқда. Бу эса қадимий ҳунарларнинг бардавомлигини таъминлаш, Марғилоннинг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА.