Бугун Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида фаолият юритаётган 17 нафар профессор-ўқитувчиларга Олий аттестация комиссияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 536-сонли қарорида назарда тутилган бандларга асосан профессор ва доцент илмий унвонлари топширилди.
Эндиликда Ўзбекистон халқ артистлари, халқ хофизлари ва хизмат кўрсатган артистлар тўғридан-тўғри профессор ва доцент илмий унвонларга эга бўлиб, ёшларга ўз ихтисосликлари бўйича билим ва кўникмалар бериши билан аҳамиятлидир.
Айни пайтда мазкур институтда жами 130 га яқин профессор –ўқитувчилар педагогик фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, таянч докторантурада ҳамда мустақил изланувчи сифатида 20 нафарга яқин ёшлар ўзларининг диссертация ишларини якунламоқда.
Миллий мусиқа санъатининг асосий йўналишлари бўлмиш мумтоз мусиқа, мақом ижрочилиги, катта ашула, бахшичилик ва достончилик бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлар, қолаверса, ҳофиз ва созандалар, бахши ва оқинларнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва тизимлаштириш институт педагогларининг асосий вазифаси этиб белгиланган.
– Мусиқа санъати ҳар қандай мамлакат ижтимоий, маданий тараққиёти ривожланишида энг таъсирчан, самарали воситалардан бири саналади, -дейди Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори вазифасини бажарувчи Элдор Шерманов. – Юртимизда маданият ва санъат соҳасини изчил ривожлантириш, мазкур йўналишдаги муассасалар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсати даражасида кўрилаётгани бизни қувонтиради. Санъатнинг ажралмас қисми бўлган мусиқанинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, у таржима қилинмайди. Бир миллат вакили яратган яхши мусиқани барча халқлар тушунади ва завқланади. Шунинг учун ҳам мусиқани инсон руҳиятининг ифодаси, десак бўлади.
Эътироф этиш жоиз, институт профессор-ўқитувчилари халқимиз маданий меросининг ажралмас бир қисми бўлган миллий мақом санъати ва халқ ижодиёти йўналишларининг қадимий тарихи, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда алоҳида ўрин эгаллаши, шунингдек, мусиқа санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялашда санъатнинг ўрни беқиёс эканлигини тарғибот этишда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Самимий руҳда кечган давра суҳбатидан сўнг институт фаоллар залида “Ўқитувчи ва мураббийлар” байрами олдидан “Устоз – оламнинг ёруғ чироғи” дея номланган концерт дастури ҳам ташкиллаштирилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/gc4PG4q4MOc?si=coNLWQbI7cSFs609" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ўткир Алимов, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА