Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Россия Фанлар академияси Е.M. Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзбекистон – Россия: ўзаро манфаатли шерикликнинг янги йўналишларини излаб...” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган СМТИ директори Элдор Арипов таъкидлаганидек, “айни пайт икки томонлама ҳамкорлик барқарор ва ўзаро манфаатли асосда кенг қамровли мулоқотни изчил йўлга қўйиш даражасига етди”. У ўз фикрини қуйидаги омиллар билан асослади:
– Аввало, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги сиёсий мулоқот сезиларли даражада мустаҳкамланди. 2017 йилдан бери олий даражада 18 марта ўзаро ташриф бўлиб ўтди. Жорий йил бошидан буён икки давлат раҳбарлари 3 марта учрашдилар.
Иккинчидан, СМТИ раҳбари фикрича, савдо-иқтисодий алоқа фаол кенгайиб бораётгани таҳсинга сазовор. Охирги 5 йилда ўзаро товар айирбошлаш икки баробар ошди. Шу билан бирга, савдо айланмаси тузилмасининг, деярли, 70 фоизи аллақачон юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади. Россия билан инвестиция лойиҳалари портфели 45 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткичга, жумладан, саноат кооперациясини жадал ривожлантириш туфайли эришилди. Иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида 150 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилди.
– Дарҳақиқат, биз қисқа вақт ичида оддий экспорт-импорт амалиётридан тўлиқ саноат ва технологик шерикликка ўтишга муваффақ бўлдик, – қайд этди Э.Арипов.
СМТИ раҳбари фикрича, учинчидан ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик муносабатларнинг муҳим бўлагига айланди. Бугунги кунда Россия Федерациясининг 80 субъекти Ўзбекистон билан ишбилармонлик алоқаларини ривожлантирмоқда. Бу деярли бутун Россия, дегани. Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтгани мамнуният билан қайд этилди:
– Шу тариқа биз минтақалараро ҳамкорликка институционал хусусият бердик, – деди СМТИ директори.
Тўртинчидан, илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик чуқурлашиб бормоқда. Ўзбекистонга таълим хизмати кўрсатиш бўйича Россия етакчи. Бу натижага ноёб икки томонлама ҳамкорлик механизмини яратиш орқали эришилган.
Шу нуқтаи назардан, эксперт ҳар йили Россия – Ўзбекистон таълим форуми ҳамда Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртлари ректорларининг минтақалараро конференцияси ўтказилаётганини эслатди.
“Бизда ҳеч қайси давлат билан бундай формат йўқ”, – дея хулоса қилди Элдор Арипов.
Унинг фикрича, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласи ҳам умумий кун тартибидан жой олган. Ушбу давлат иштирокида амалга оширилаётган иқтисодий ривожланиш лойиҳалари минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун самарали воситага айланиши керак, деган умумий тушунча мавжуд.
Шу билан бирга, СМТИ вакили фикрича, ҳамкорлик ўзаро манфаат тамойилини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилиши ниҳоятда муҳим. Ёндашувларни мувофиқлаштириш, бир-бирининг талаби ва эҳтиёжини тушуниш, умумий нуқталарни топиш барқарор, тенг ҳуқуқли шериклик учун асосдир.
Шу нуқтаи назардан, СМТИ ва Россия Фанлар академияси Е.M. Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти томонидан ташкил этилаётган Ўзбекистон – Россия Экспертлар кенгаши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
“Моҳиятан, бундай тузилма иш бошлаши мавжуд алоқаларга мунтазамлик бахш этaди. Энг муҳими, томонлар учун ўзаро манфаатли масалалар бўйича режали муҳокамаларга киришилади”, – дея хулоса қилди Э.Арипов.
Ғ.Хонназаров, Р.Назарматов (сурат), ЎзА